Ссылки доступа

Ашраф Ғани толибларнинг Афғонистондаги президентлик сайловини барбод қилиш таҳдидига жавоб қайтарди


Қатор мамлакатларда фаолияти тақиқланган “Толибон” ҳаракати Афғонистонда президентлик сайлови ўтказилишига қарши чиқди.

Толибларнинг яқинда эълон қилинган баёнотида бўлғуси давлат раҳбари сайловини “вақт ва маблағни бекорга сарфлаш” ва “оддий халқни алдаш учун ҳийла” деб аталган ва аҳолини сайлов қутиларидан узоқроқ туришга чақирилди. Жангарилар ўз чақириқларини Афғонистон “босқинчи хорижий кучлар томонидан ишғол этилгани ва мамлакатдаги барча ишлар, шу жумладан, мазкур жараённи молиялаштириш, бошқариш, назорат қилиш ва якуний қарор уларнинг назорати остида экани ва Кобулдаги хорижий элчихоналар кўпинча аралашиб, кўрсатмалар бериши” билан асослади.

«Талибон» ҳаракати шунингдек, сайловларни ташкиллаштиришга қарши йўналтирилган ҳужумларни ўтказиш ҳақида огоҳлантирди.

Афғонистон мустақил сайлов комиссияси мамлакат аҳолиси ҳокимиятни куч билан эгаллаш пайида бўлган кучларни қўллаб-қувватламаслигини билдирди. "Сайловлар – бу ҳокимиятни тинч йўллар билан топшириш жараёни ва ҳукумат мазкур сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш давомида хавфсизликни таъминлаши лозим", дейди Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Афғонистон мустақил сайлов комиссиясининг матбуот котиби Мирзо Муҳаммад Ҳақпараст.

Кўплаб сиёсий кучлар ва президентликка номзодлар толиблар таҳдидини жиддий қабул қилмади. Бўлғуси сайловдаги номзодлардан бири Президент Ашраф Ғани 6 июль куни Кобулдаги митингда афғонлар толиблар қаршисида бўйин эгмаслигини ва овоз беришда иштирок этишларини айтди. Унинг сўзларига кўра, толибларнинг бундай баёноти аввал ҳам, шу жумладан, охирги парламент сайлови арафасида ҳам янграган. «Афғонистон халқи ўзининг кучи ва қудратини кўрсатаётганлар қаршисида бошини эгмайди», қайд этади Ғани.

​Президентлик сайловларини бойкот қилиш ҳақидаги баёнотлар билан бир вақтнинг ўзида Вашингтон Доҳадаги музокаралар давомида илгари силжишга эришгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Associated Press агентлиги ўзининг манбаларига таяниб хабар беришича, томонлар “Америка қўшинларини олиб чиқиш борасидаги келишмовчиликни бартараф этишган”.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Қатарнинг Доҳасидаги АҚШ ва Толибон вакиллари ўртасидаги музокараларни шарҳлар экан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўллар билан ечишга оид реал имконият мавжудлигини сешанба куни айтди. «Ҳозир биз Афғонистонда тинчликка оид реал имкониятни кўраяпмиз, биз тинчлик келишувига ҳар қачонгидан кўра яқинроқмиз», - деди Столтенберг Янги Зеландиянинг Веллингтон шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида.

Бироқ толибларнинг Афғонистон ҳукуматига оид муносабати ўзгармади, - дея қайд этади Доҳа музокараларидаги манба Associated Pressга, - улар ҳукуматни малай деб ҳисоблайди, у томонидан ташкиллаштирилаётган, 28 сентябрга белгиланган президентлик сайловларини эса ноқонуний деб билади», дейди манба.

Эслатиб ўтамиз, Афғонистондаги президентлик сайлови 28 сентябрга режаланган. Президент ва ҳукумат ваколатлари 22 май куни якунлаши керак эди, бироқ Афғонистон Олий суди қарорига биноан сайлов кўчирилиши муносабати билан ваколатлар узайтирилди.

XS
SM
MD
LG