Ссылки доступа

Қирғизистонда Атамбаев қароргоҳини ишғол этишда бир махсус кучлар вакили ҳалок бўлди (видео)


Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар беришларича, у операция қилинишига қарамай, ҳаётдан кўз юмган. Бишкек травматология ва ортопедия илмий-тадқиқот марказининг директори Сабирбек Жумабековнинг Озодлик радиосига хабар беришича, у ўқ отиш қуролидан яраланган, ўқ унинг ўпка ва юрагига бориб теккан.

Маҳаллий вақт билан кеч соат 00.55 ҳолатига кўра, касалхоналарга 36 нафар яраланган киши келтирилган бўлиб, уларнинг 15 нафари куч ишлатар тизимларининг ходимларидир. Чуй вилояти ички ишлар бош бошқармасининг бошлиғи Самат Курманкулов Қўй-Тошда бошидан оғир жароҳат олган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Жылдыз Айгерчинованинг Озодликка хабар беришича, унинг боши операция қилинган. Тан жароҳати ўқ отар қуролга тегишли эмас. Аввалроқ хабар берилишича, Курманкулов милиция ходимлари Атамбаев тарафдорларининг тошбўронига дуч келган вақтда жароҳат олган.

Қирғизистон социал-демократик партиясининг юристи Нурбек Касымбеков, ҚСДПдан парламентнинг собиқ депутати Мээрбек Мискенбаев ва МХДҚнинг собиқ раиси Абдил Сегизбаев ҳам жароҳат олган. Жабрланганлар орасида махссус кучларнинг бир жангчиси ҳам бор. У қурол қўлланилишидан яраланган.

МХДҚсидан хабар қилишларича, “махсус кучлар жангчилари резина ўқларни қўллаётган бўлса, уй томондан ҳақиқий қуролдан уқ узишмоқда”.

Депутат Асел Кодуранова Алмазбек Атамбаев ўз уйида қолаётганини хабар қилди. Тўсиқ ортидаги уй атрофида Атамбаевнинг юзлаб тарафдорлари бор. «Апрель» телеканали эфирида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг видеомурожаати намойиш қилинди. Жумладан, ўзининг қўлга олиниши уринишини у ноқоуний ва аксилконституциявий деб атади. «Тассуфлар бўлсинки, ҳокимият менинг ҳуқуқий майдонга қайтиш чақириғимни инобатга олмади. Мен бир неча марта ёзма кўрсатма беришни таклиф этдим. Куни-кеча менинг вакилим Сергей Слесарев ИИВда бўлди ва менинг жавобларимни беришни таклиф этди. Мен ҳар қандай саволга жавоб беришга тайёрман, чунки ҳеч қандай коррупция аломати бўлмаган. Бу ҳақда Сооронбай Жээнбековнинг ўзи ҳам билади», - дейди у.

«Мен расмийларни яна бир ўйлаб кўришга чақираман ва куч ишлатар тизимларга ўз халқингизга ўқ узманг деб мурожаат қиламан», - деди Атамбаев.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаевни қўлга олиш бўйича Қўй-Тошдаги махсус амалиёт 7 август куни кечаси бошланди. Вазият кескинлашган, ўқ овозлари эшитилмоқда.

Алмазбек Атамбаевни ИИВ Тергов хизматига уч марта сўроққа чақиришди, бироқ уччала сафар ҳам буни рад этди. Унинг адвокати Сергей Слесарев терговчиларга саволларга ёзма жавоб беришни таклиф этди, бироқ унинг ташаббуси рад этилди. Собиқ президентни 2013 йилда Азиз Батукаевни ноқонуний озод этилиши иши бўйича гувоҳ сифатида сўроқ қилишмоқчи.

XS
SM
MD
LG