Сурхондарё вилоят, Бойсун туман, Тўда маҳалла фуқаролар йиғинидан мурожаат қилган шахс 3 август куни маҳалладоши Миллий Гвардия ва ички ишлар ходимлари томонидан қаттиқ калтаклангани ва шифохонага ётқизилганини иддао қилди:
- 3 август, соат 23-30 лар атрофида Бойсун туман ИИБ ЙПХ ходими Қ.Ж.нинг Туда МФЙ фуқаролари билан келишмовчилиги келиб чиқиб, ушбу махалла фуқароси, 1974 йилда туғилган Абдураҳмонов Эркин Раҳмоновичга Миллий Гвардия ва туман ИИБ ходимлари жиддий жароҳат етказган. Хусусан, Абдураҳмоновнинг кўз тўқималари жароҳатланган, шунингдек, 10-чи қовурғасини синдиришган", дея иддао қилди исмини очиқламасликни сўраган суҳбатдош.
Жабрлангани, 3 кундан буён Бойсун туман шифохонасида даволанаётгани айтилаётган Эркин Абдураҳмоновнинг ўзи бундай деди:
- Ҳозир Бойсун туман "Тез ёрдами"да ётибман. Мени ички ишлар ходимлари калтаклашди. 3 август куни кечқурун 9 ларда Тўда маҳалласидан бир машина кўмир кулини олиб келятувдим. Тўхтатишди. Иккита ГАИ ходими бор экан, “Кулим бор”, дедим. “2 миллион берасан”, деди. Гап шундаки, кўмир кулини тоғдан ноқонуний олиб келиш тўхтатилган, мумкин эмас. Биз чой пули бериб ўтиб кетардик, одатда. “Келишайлик”, деган эдим, онадан олиб сўкворди. “Сўкинманг!”, десам кўзимга мушт билан урдида формадаги ДАН ходими! Кейин кўпайишиб уришди. Каллаларимга тепди, биттаси “Икром, қаттиқ тепма – ўлиб қолади!”, деди", дейди ҳодиса тафсилотларини гапириб берган Эркин.
Бойсунлик йигитнинг айтишича, уни калтаклашда маст ҳолатда бўлган участка нозири ва бошқа ички ишлар ходимлари иштирок этган.
Эркин “Калтаклаш милиция бўлимида давом этди”, дейди:
- Масти ҳам бор эди. Милиция бўлимида яна уришди. Сув, нарса бермасдан қамаб ташлашди. Иккита жияним келувди, уларни ҳам уришди ва қамаб ташлашди. Бу Бойсун туман ички ишлар отделида бўлди. Ичкарида битта баклашка бериб “Шунга ч...иб, сиясан!”, деди. “Ўляпман, духтир чақир” десам чақирмади. Кечаси қўлимдан қон олиб, кейин “Тез ёрдам” чақирди, деди Эркин Абдураҳмонов.
Бойсун туман шифохонаси врачларидан бири жабрланган шахснинг мияси чайқалгани ва лат егани, кўзи қонталашиб, шишиб кетгани, қовурғаси сингани ва танасининг кўп жойида жароҳатлар борлигини билдирди.
Бойсун туман Тўда маҳалласи участка нозири Рустам Набиевдан олинган маълумотга қараганда, Эркин Адбураҳмонов калтакланиши юзасидан прокуратура текшируви олиб борилмоқда.
Айни пайтда, Бойсун тумани Ички ишлар бўлимида бу масалада маълумотга эга эмасликлари ва ҳеч кимдан калтаклангани юзасидан арз-шикоят келиб тушмаганини билдиришди.