Ссылки доступа

Ҳуқуқ ҳимоячилари: Тожикистон аксилкоррупция идораси ходимлари адвокатнинг тишини синдиришган


Тожикистон Бош прокуратураси Душанбе шаҳар прокуратурасига адвокат Абдулазиз Абдураҳмонзоданинг унга нисбатан қийноқ қўлланилгани ва шафқатсиз муомалада бўлингани тўғрисидаги аризасини кўриб чиқишни топширди.

Тожикистон адвокатлари иттифоқи аъзоси Абдулазиз Абдурахмонзоданинг қайд этишича, ТР коррупцияга қарши кураш ва молиявий назорат агентлиги тезкор ходимлари уни ноқонуний равишда ушлаб қийноққа солишган. Адвокатнинг Варзоб тумани суди ходимини ушлаб бериши учун қийноқ қўлланилган, деб хабар беради “Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича мустақил маркази”.

Адвокатнинг сўзларига кўра, 2019 йилнинг 9 апрелида Варзоб тумани биносининг ортида унга зиённи ундириб бериш тўғрисидаги фуқаролик иши бўйича юридик ёрдам кўрсатиш илтимоси билан Саидмурод Саидов мурожаат қилган. «Оғзаки келишув асосида 1500 сомоний (150 долларга яқин) га мен керакли юридик ҳужжатларни тайёрлаб беришга ва биринчи инстанция судида адвокат сифатида қатнашишга, 5000 сомоний учун қолган барча суд инстанцияларида суд қарори ижро этилгунига қадар қатнашиб беришга рози бўлдим», дейди адвокат.

17 апрель куни Саидмурод Саидов адвокатнинг Душанбедаги идорасига юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги келишувни тасдиқлатиш учун келган ва ўзи билан 500 доллар олиб келган. «Мен уни идора яқинидаги банкдан долларни сомонийга алмаштиришни сўрадим. Келишувнинг биринчи нусхасини олиб, Саидов шошилинч ҳолда хонасидан чиқиб кетади ва шу лаҳзада менинг хонамга тахминан 20-25 киши бостириб кирди, улар ўзларини ТРнинг коррупцияга қарши кураш ва молиявий назорат бўйича Агентликнинг тезкор ходимлари сифатида таништирдилар», ҳикоя қилади адвокат.

Абдулазиз Абдурахмонзоданинг даъво қилишича, аксилкоррупция идорасининг тезкор ходимлари, шу жумладан, Адхам Назарзода ва Сайвали Хушвактзода унинг тишини синдиришган ва қаттиқ калтаклашган. Сўнгра улар адвокатни 500 долларни кейинчалик Варзоб суди ходими Шахзод Нурализодага бериш учун олгани тўғрисида ариза ёзишга мажбурлашган.

Абдулазиз Абдурахмонзоданинг қайд этишича, уни калтаклаган тезкор вакилларнинг ўйлови бўйича у пулни бериши керак эмас, балки Шахзод Нурализоданинг столига ташлаб қўйиши керк бўлган, негаки, коррупцияга қарши курапшувчилар иҳтиёрида суд ходимига қарши маълумот бор. Бироқ операция барбод бўлди - Нурализода иш чатоқлигини ҳис қилиб, ҳеч кимдан пул сўрамаганлигини айтиб, хонадан чиқиб кетган.

Май ойи охирида адвокат Абдурахмонзодага ТР Жиноят кодексининг 247 моддаси, 2 қисми (Фирибгарлик) бўйича айблов қўйилди. Июль ойи бошида жиноят иши пойтахтнинг Сино тумани судига ўтказилган. Судда Абдулазиз Абдурахмонзодани ТР адвокатлар Иттифоқи раиси Саидбек Нуриддинов раҳбарлигидаги 15 нафар адвокатдан иборат гуруҳ ҳимоя қилади.

Озодлик радиоси 7 август куни Тожикистон коррупцияга қарши кураш ва молиявий назорат бўйича Агентлик раҳбариятидан идора ходимлари томонидан қийноқ қўлланилиши юзасидан изоҳ ололмаган.

Синго туманининг 2019 йил 22 июлдаги қарорига кўра, мазкур жиноий иш тўхтатилган, материалларнинг бир қисми Абдулазиз Абдураҳмонзодага нисбатан қийноқ қўллаш бўйича ҳолатларни аниқлаштириш учун Душанбе шаҳар прокуратурасига жўнатилган, деб хабар беради «инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича мустақил марказ».

Айни пайтда, Абдурахмонзода ҳимояси Тожикистон Бош прокуратурасига ТРнинг Жиноят кодекси 143 моддаси, прим 1 (қийноқлар) бўйича коррупцияга қарши кураш ва молиявий назорат бўйича Агентлик ходимларига нисбатан жиноий иш қўзғатиш аризаси билан мурожаат қилишган.

XS
SM
MD
LG