Ссылки доступа

АҚШ томонларни Кашмир масаласида босиқликни сақлашга чақирди


Қўшма Штатлар 7 август куни Ҳиндистон ва Покистонни баҳсли Кашмир минтақаси атрофидаги келишмовчиликлар кескинлашгани соясида босиқлик ва осойишталикни намоён этишга чақирди.

«Биз ҳамон ташвиш туғдираётган Кашмир ва бошқа масалалар юзасидан Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги бевосита мулоқотни қўллаб-қуватлаймиз», — бу борада Reuters АҚШ давлат департаменти матбуот котибининг сўзларидан иқтибос келтиради. Қисқа баёнот АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Элис Уэллснинг Покистонга беш кунлик ташрифига тўғри келди.

У Афғонистондаги тинчлик жараёнлари бўйича музокаралар ўтказади, мулоқотлардавомида Покистон расмийларининг Кашмир атрофидаги баҳсли масала юзасидан саволларни ўртага ташлашлари кутилади. Исломбоддаги музокаралар якунлаганидан кейин Уэллс Ҳиндистон ва Покистонга ташриф буюради.

Айни пайтда Покистон бош вазири Имрон Хон расмий Деҳлининг Ҳиндистон томонидан бошқариладиган Кашмирнинг мухторият мақомидан маҳрум этиш ва Ҳимолайдаги бу штатни қисмларга ажратиш ҳақидаги қарорини бекор қилиш учун барча майдондан фойдаланишга ваъда берди.

6 август куни парламент палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган Имрон Хон мазкур масалани давлат раҳбарлари олдида кўтаришга ва уни БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Халқаро Жиноий судга топширишга ваъда берди. Унинг депутатлар ҳузурида айтишича, халқаро ҳуқуққа зид бўлган Ҳиндистон ҳаракатлари ядровий қуролга эга бўлган икки қўшни давлат ўртасидаги давомли можарога олиб келади, ва “бундай ҳолда ҳеч ким ғолиб бўлмаслиги”ни қўшимча қилди.

XS
SM
MD
LG