Ссылки доступа

Ўзбекистонда илк “фильм-катастрофа” суратга олинди (видео)


"Ўзбеккино" миллий агентлиги томонидан давлат буюртмаси асосида "101-рейс" номли бадиий фильмни суратга олиш ишлари тугалланди.

Режиссёр Акром Шоҳназаров томонидан Нью-Йоркдаги 11 сентябрь воқеаларига уйғун мавзуда суратга олинган бу асар Ўзбекистонда суратга олинган илк “фильм-катастрофа”дир.

(экстремал ҳодиса фонида юз берадиган воқеа акс этган фильм-таҳр)

Фильм продюсери Равшан Норбоевнинг айтишича¸ 2019 йил охирига қадар Ўзбекистон катта экранларига чиқариладиган фильм "реал воқеаларга асосланган":

- Эсласангиз, 2001 йилда АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида Шимолий Америка ҳаво ҳудуди бир муддат ëпиб қўйилди. Ўшанда 180 нафар йўловчини ташиëтган "Ўзбекистон ҳаво йўллари"нинг "Boing-767" учоғи 101-рейс экипажи муаммога йўлиққан. Фильм ана шу муаммо ва унга ечим топган ўзбек учувчисининг жасорати ҳақида¸ деди Равшан Норбоев.

Унинг айтишича¸ фильм сценарийсини ëзувчи Эркин Аъзам бадиий раҳбарлигида драматург Шоҳсанам Сафиева ëзган.

Тошкентлик меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ ҳаëтда юз берган воқеанинг бадиий талқини ҳар доим ҳам муваффақиятли чиқавермайди:

- Етарли молиявий дастаксиз экшн жанрида фильм суратга олиш қийин. Тасвирлар зўраки бўлиши эхтимоли кўп. Ҳолливуд киноларига кўзи пишган томошабинни ишонтириш чандон мушкул. Оз пулга ҳам яхши фильм олиш мумкин, деган фикрни қўлламайман. Фильмдан парчаларни кўрдим. Тасвирчилар¸ айниқса, либослар рассоми Шаҳноза Абдуллажонованинг ишлари таҳсинга лойиқ¸ деди мунаққид Абдумалик Турдиев.

Мунаққид бу фильмга асос бўлган реал воқеани яхши билишини айтади:

- Учувчи Зархўжа ака Саидазимовни яхши танийман. У киши 180 йўловчини муқаррар хавфдан қутқариб қолгани учун Ўзбекистон қаҳрамони деган мукофотни олган¸ деди Абдумалик Турдиев.

Унинг айтишича¸ Зархўжа Саидазимов капитанлик қилган 101 йўналишдаги ўзбек учоғи 11 сентябрь куни Нью-Йоркнинг Жон Кеннеди аэропортига қўнишга яқинлашганида муаммолар гирдобида қолади:

- Террор бўлганидан 101-рейс экипажи бехабар эди. Диспетчерлар ўзбек учоғининг қўнишини тақиқлаб қўяди. Учоқ Канада халқаро аэропортига йўл олади. Канада диспетчери тиғизлик сабаб ўзбек учоғини 3 соатдан кейин қабул қилишини айтади. Аммо Зархўжа акада уч соат учиш имкони йўқ эди. Бу орада учоқнинг битта мотори ҳам бузилиб қолади. Ëнилғи тугаб бормоқда. Худди шу пайтда Зархўжа ака, таваккал қилиб, захира қўналғага қўниш учун пастга қараб шўнғийди. Ўзбек учоғининг бу таваккал шўнғиши Канада ҳарбийларининг ўтакасини ëриб юборади. Ҳақиқатан ҳам драматик воқеа. Аммо бу воқеа талқини кинода акс эта олдими деган саволга томошабин жавоб бериши керак¸ деди мунаққид.

Фильм продюсери Равшан Норбоевнинг ишонишича, Ўзбекистон қахрамони Зархўжа Саидазимовнинг жасоратли образини таниқли актёр Ҳошим Арслонов ижро қилган:

- Танлов қийин бўлди. Қирққа яқин номзод ичидан Ҳошим ака Арслоновни танладик. Кадрда кўркам ва жиддий кўриинди. Юз мимикаси ва ички кечинмаларни визуал ифодалаш маҳоратини Ҳошим ака суратга олиш жараëнида юз фоиз кўрсата олди¸ деди Равшан Норбоев.

XS
SM
MD
LG