Ссылки доступа

Ички ишлар ходими автомобилга ўқ узгани воқеасига расман муносабат билдирилди (видео)


Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси 8 август куни ички ишлар ходими томонидан хизмат қуроли қўлланилгани тўғрисида тарқатилган видеога изоҳ берди.

Расмий маълумотда айтилишича, мазкур видео 7 август куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг ахборот ресурсларида чоп этилган. Бу видео ижтимой тармоқларда кенг тарқалиб кетган. Унда ички ишлар ходими чоррахада автомобилга қараб ўқ узгани акс этган.

“Шу билан бир қаторда маълум қиламизки, беихтиёр ўқ узишнинг сабаблари аниқланмоқда, жумладан қуролнинг носоз бўлгани тўғрисидаги версия ҳам ўрганилади”, дейилади маълумотда.

Ички ишлар бош бошқармасининг билдиришича, ички ишлар ходими ҳайдовчи фуқаролар ҳаётига таҳдид туғдирган пайтда автомашинани тўхтатиш учун ўқ узишга ҳақлидир. Бу меъёр “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг 24-моддасида белгилаб берилган.

Аввалроқ ички ишлар бош бошқармаси бу воқеа Мирзо Улуғбек туманида 7 август куни 12дан 15дақиқа ўтганда бўлиб ўтганини билдирган эди.

Хабарда айтилишича, Lacetti автомашинаси қарши йўналиш йўлига чиқиб кетган. Ҳайдовчи инспекторнинг тўхташ тўғрисидаги ишоратига бўйсунмай, қочган.

“Бугунги кунда автомобил давлат рақами ва унинг ҳайдовчиси аниқланди. Ҳайдовчини қўлга олиш чоралари кўрилмоқда”, дейилади маълумотда.

XS
SM
MD
LG