Ссылки доступа

Қозоғистонда "Казатом" собиқ раҳбари Мухтар Джакишевни қўллаб-қувватловчи пикетлар бўлди


9 август куни Семей шаҳрида «Казатомпром» миллий компанияси собиқ раҳбари - Семейдаги колонияда 14 йиллик жазо муддатини ўтаётган Мухтар Жакишевни қўллаб-қувватлаш мақсадида якка пикетлар бўлиб ўтди.

Фуқаролар фаоли Динара Мубарак Семейдаги №2 суд биноси олдига «Мұхтар Жәкішевке бостандық талап етемін!» («Мен Мухтар Жакишевнинг озодликка чиқарилишини талаб қиламан!») плакатини кўтарган ҳолда келди. Семейда яшовчи бошқа бир фуқоро Дилара Ақтолқинова прокуратура биносига Жакишевнинг сурати ва «Свободу Мухтару Джакишеву и всем незаконно осуждённым» (“Мухтар Жакишев ва барча сиёсий маҳбусларга озодлик”) деган сўзлар ёзилган плакат кўтариб келди. Акциялар иштирокчилари бошқа шиорларни илгари суришмади. Ярим соат туришгандан сўнг тарқалишди. Пикет иштирокчиларини ҳеч ким ушламади, деди Азаттық радиосига Семейлик фуқаролар фаоли Роллан Машпиев.

Ҳафта бошидан бери Семейда икки марта шу каби пикетлар суд ва прокуратура бинолари олдида бўлиб ўтди. Аввалгиси 7 августда бўлиб ўтган эди.

24 июль куни Семей суди Жакишевни шартли равишда муддатдан аввал озод қилмай уни қамоқда қолдирганидан кейин Қозоғистоннинг турли шаҳарларида Жакишев ва бошқа фуқороларни озод қилиш чақириғи билан ўнлаб акциялар бўлиб ўтди. Қозоғистон ҳуқуқ ҳимоячилари Жакишев ва бошқаларни сиёсий маҳбуслар сифатида кўради. Шу каби якка пикетлардан бири 8 август куни Оқтобеда бўлиб ўтди. Бу ерда ҳам ҳеч ким ушланмади.

Маълумки, сўнгги йилларда Қозоғистонда бўлиб ўтган рухсат берилмаган тинч йиғилиш, жумладан якка пикетлардан кейин ташкилотчилар ва иштирокчилар қўлга олинарди, сўнг улар қамаларди ёки жаримага тортиларди. Сўнгги ҳафталарда Қозоғистонда бир неча бор тинч намойишлар бўлиб ўтди, уларда ҳеч ким қўлга олинмади.

Мухтар Жакишев 2009 йилнинг май ойида ушланган. 2010 йилда Остона шаҳридаги №2 Сариарка туман суди уни корррупцияда айбдор деб топди ва 14йилга озодликдан маҳрум қилди. 2011 йил охирларида МХҚ Жакишевга нисбатан бошқа жиноий иш очди. У катта миқдорда фирибгарлик қилганликда, ўзгарлар мулкини ўзлаштириш ёки талон тарож қилганликда айбланди. Мухтар Жакишевга берилган якуний муддат 14 йил деб белгиланди.

Жакишев 24 июль куни Семей судида қилган чиқишида ўзига нисбатан бўлган суд жараёнини танқид қилди ва адолатсиз дея атади, унинг баёнотига қараганда ўзига нисбатан қўйилган айбловлар терговчилар томонидан ўйлаб топилган ва кейинроқ суд томонидан қўллаб-қувватланган, бунда гувоҳларнинг айбланувчи фойдасига айтган гаплари инобатга олинмаган.

Қозоғистонлик айрим ҳуқуқ ҳимоячилари 2013 йилда сиёсат билан шуғулланмаган бўлса-да Мухтар Жакишевни сиёсий махбус дея тан олган эди.

XS
SM
MD
LG