Ссылки доступа

Тожик адвокатлари калтакланган касбдошлари ҳимоясига туришди


Абдулазиз Абдурахмонзода
Абдулазиз Абдурахмонзода

Тожик адвокатлари ўз касбдошлари Абдулазиз Абдурахмонзодага нисбатан қийноқ қўлланилишини синчковлик билан текширишни талаб қилмоқдалар.

Ёш адвокат ҳеч қаерга кетиб қолмаслик шарти билан озодликда, аксилкоррупция ташкилоти ходимлари томонидан унга қарши фирибгарлик айблови бўйича жиноиий иш очилган.

Тожикистондаги Халқаро юристлар комиссиясининг вакили Дилшод Жўраев Озодлик радиоси билан суҳбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари адвокат Абдурахмонзоданинг қийноқлар тўғрисидаги аризасини кўриб чиқишлари кераклигини айтди.

Тожикистон адвокатлар уюшмаси аъзоси Абдулазиз Абдурахмонзоданинг таъкидлашича, ТР коррупцияга қарши кураш ва молиявий назорат Агентлиги тезкор ходимлари уни ноқонуний ушлашган ва қийнашган.
Тожикистон адвокатлар уюшмаси ва Тожикистонда қийноқлар ва жазосизликка қарши фуқаролик жамияти Коалициясининг баёнотига кўра, адвокат Абдурахмонзода Варзоб тумани суди ходимини тутиб бериши учун зўравонлик ишлатилган. «Боз устига, адвокатга нисбатан жиноий иш очилган», дейилади уларнинг қўшма баёнотида.

«Адвокатни асоссиз равишда фирибгарликда айблашаяпти. Абдулазиз Абдурахмонзода гонорарни ўзининг хизмати учун олди ва қонун буни таъқиқламайди», дейди Тожикистон адвокатлари уюшмаси раҳбари Саидбек Нуриддинов.

Тожикистон Республикаси коррупцияга қарши кураш ва молиявий назорат Агентлигида идора ходимлари томонидан адвокатнинг ушланиши ва калтакланиши юзасидан изоҳ беришмаган. Жиноий ишни қўзғатиш тўғрисидаги қарорга кўра, «Абдулазиз исмли адвокат» Варзоб туманилик Саймурод Саидовнинг шикоятидан кейин қўлга олинган.

Аксилкоррупция идорасининг катта терговчиси томонидан Душанбе шаҳрида имзоланган қарорда айтилишича, адвокат Саидовдан зарарни ундириб бериш тўғрисидаги фуқаролик иши юзасидан юридик ёрдам кўрсатиш учун 500 доллар миқдорида пора талаб қилган.

Адвокат ўзининг сўзларига кўра, 2019 йилнинг 9 апрелида Варзоб туман суди биносининг орқасида унга Саидмурод Саидов зарарни ундириш бериш юзасидан фуқаролик иши бўйича юридик кўмак кўрсатиш илтимоси билан мурожаат қилган. «Оғзаки келишув бўйича 1500 сомонийга мен керакли юридик ҳужжатларни тайёрлаб бериш ва биринчи инстанциядаги судда адвокат сифатида қатнашишга, 5000 сомоний учун қолган барча суд инстанцияларида суд қарори ижро этилгунича қатнашишга розилик бердим», дейди адвокат.

17 апрель куни Саидмурод Саидов адвокатнинг Душанбедаги идорасига юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги келишувни тасдиқлатиш учун ўзи билан бирга ёнида 500 доллар олиб келган. «Мен ундан идорам ёнидаги банкдан долларни сомонийга алмаштириб чиқишни сўрадим. Келишувнинг биринчи нусхасини олганча, Саидов шошилиб хонадан чиқиб кетди ва шу пайтда менинг хонамга тахминан 20-25 чоғли киши бостириб кирди, улар ўзларини Тожикистон Республдикаси коррупцияга қарши кураш ва молиявий назорат Агентлитгининг ходимлари деб таништиришди», деб ҳикоя қилади адвокат.

Абдулазиз Абдурахмонзоданинг иддао қилишича, аксилкоррупция ташкилоти тезкор ходимлари, шу жумладан, Адхам Назарзода ва Сайвали Хушвактзода унинг тишини синдиришган ва шафқатсизларча калтаклашган. Кейин улар адвокатни 500 долларни Варзоб туман суди ходими Шахзод Нурализодага бериш мақсадида ариза ёздириб олишга мажбурлашади. Адвокат Абдурахмонзоданинг айтишича, уни калтаклаган тезкор вакиллар ўйловига кўра, у пулни Шахзод Нурализоданинг ўзига эмас, столига ташлаб қўйиши керапк бўлган, коррупцияга қарши курашувчилар ихтиёрида суд ходимига нисбатан гўёки қандайдир маълумотлар бўлган. Бироқ операция барбод бўлди - Нурализода нохушликни сезиб, ҳеч кимдан пул сўрамаганини айтиб, хонасидан чиқиб кетган.

Май ойи охирида адвокат Абдурахмонзодага ТР Жиноят кодексининг 247 моддаси, 2 қисми (Фирибгарлик) бўйича айблов эълон қилишган. Июль ойи бошида жиноий иш пойтахтнинг Сино тумани судига топширилган. Судда Абдулазиз Абдурахмонзодани Саидбек Нуриддинов бошчилигидаги 15 нафар адвокатдан иборат гуруҳ ҳимоя қилади. 27-ёшли Абдулазиз Абдурахмонзода тўрт йилдан бери адвокат бўлиб ишлайди. Ҳозир у ҳеч қаерга кетиб қолмаслик шарти билан озодликда қолмоқда.

XS
SM
MD
LG