Ссылки доступа

Тожикистон Адлия вазирлиги қийноқлар учун жазо кучайтирилишини таклиф қилди


Тожикистон Адлия вазирлиги Жиноят кодексига киритиладиган тузатишлар лойиҳасини тайёрлади. Унга кўра, қийноқ қўллашда айбдорлар 12 йилгача озодликдан маҳрум қилинади.

Тузатишлар лойиҳаси тегишли идоралар томонидан тасдиқланди ва парламентга тақдим қилиниши учун ҳукуматга юборилди, дея 12 август куни Радио Озодига маълум қилди Адлия вазирлигидаги манба. Айни дамда ТР ЖКнинг 143(1) (“Қийноққа солиш”) моддасини бузганлар учун ойлик кўрсаткичнинг 365 баробаридан 912 баробаригача жаримага тортиш ёки маълум бир мансабни эгаллаш ҳуқуқидан ёки уч йилгача маълум мансабни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилган эди. Бундан ташқари жиноий қилмиш сифатида нафақат жисмоний қийноққа солиш, балки руҳий босим, масалан терговда бўлган шахсни таҳдид ва шантаж орқали кўрсатима беришга мажбурлаш ҳам кўрилади.

Адлия вазирлиги таклифига кўра, қийноқлар учун жарималар бекор қилинади, қийноқлар учун айбдорлар 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Қийноқлар қайта қўлланилгудек бўлса, у ҳолда 12 йил колонияга ҳукм қилинади, дея хабар беради Адлия вазирлигидаги манба.

Қийноқлар учун жазони кучайтириш БМТнинг қийноқларга қарши Қўмитаси томонидан 2019-2022 йилларга мўлжалланган тавсияларини бажариш йўлидаги ҳаракатлар Миллий режасида назарда тутилган. Миллий режа Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода томонидан шу йилнинг январь ойида имзоланган эди.

Тожикистон Қийноқларга қарши фуқаро жамиятлари Коалицияси бундан аввалроқ баёнот бериб, миллий режа бир нечта пунктдан иборат эканлигини маълум қилган эди. Жумладан, бу пунктлар қийноқлар ҳолатларни тергов қилиш, қийноқ қўллаганларни жазолаш, Тожикистон инсон ҳуқуқлари вакилининг фаолиятини кучайтириш, жабрдийдаларнинг асосий ҳуқуқларини кафолатлаш, мустақил адвокатдан фойдаланиш имкониятини яратиш, озодликдан маҳрум қилиш жойларини текшириш, ҳибсда ушлаб турилганларнинг шароитлари билан танишиш, қийноқлар учун шикоятларни мустақил қабул қилиш ва кўриб чиқиш механизмини яратиш, товон тақдим қилиш ва реабилитацияни кўзда тутади.

Тожикистон Адлия вазирлигидаги манбанинг тасдиқлашича, қийноқлар учун жазони кучайтириш аҳолининг кўплаб шикоятлари ва халқаро ташкилотларнинг талабларидан сўнг қабул қилинди.

Тожикистонда қийноқларга қарши фуқаролар жамиятлари Коалициясининг ҳуқуқий ёрдам гуруҳи раҳбари Нажиба Ширинбекованинг 12 август куни маълум қилишича, коалиция бир неча йилдан бери қийноқлар учун жазони кучайтириш лозимлигини айтиб келарди. «Тожикистонда қийноқлар учун жазо халқаро стандартларга мос келиши керак», дея таъкидлайди Ширинбекова.

XS
SM
MD
LG