Ссылки доступа

Қозоғистон Молия вазирлиги: Арисни тиклаш учун $144,7 миллион йўналтирилади


Июнь ойида қурол омборида ўқ-дорилар портлаши оқибатида зарар кўрган Туркистон вилоятидаги Арис шаҳрини қайта тиклаш ишлари учун 56,1 миллиард тенге (амалдаги курс бўйича 144,7 миллион доллар) йўналтирилади.

Бу ҳақда маҳалий ОАВга Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари - молия вазири Алихан Смаилов маълум қилди.

Смаиловнинг сўзларига қараганда, 27,5 миллиард ҳукумат заҳирасидан, 20 миллиард эса маҳалий ижроия хокимият бюджетларидан, олти миллиарди – умуммиллий «Самрук-Қазына» фаровонлик жамғармаси ҳисобидан, 2,6 миллиард тенге эса ҳомийлик ва хайрия ёрдамлари ҳисобидан йўналтирилади.

Расмийларнинг баёнотларига қараганда, бу маблағлар Ариснинг ҳар бир фуқороси учун 100 минг тенге (257 долларга яқин) миқдорида товон пули сифатида берилади, 7 239 турар жой биноси ва ўнлаб ижтимоий объектларни, ҳаётий зарур объект ва маъмурий биноларни қайта тиклаш ва 50та икки хонали уй қуриш учун йўналтирилади.

Расмийларнинг баёнотига кўра, ҳукумат заҳирасидан Мудофаа вазирлиги учун “зарур харажатлар”га 8,1 миллиард тенге «Арисдаги фавқулотда вазият талофатларни бартараф этиш ва ўқ дориларни олиб чиқиб кетиш учун” берилади.

2019 йилнинг 24 июн куни Арисдаги ҳарбий омборда юз берган ёнғин ўқ-дорилар портлашига сабаб бўлди. Маҳаллий расмийларнинг маълум қилишича, портлашлар оқибатида шаҳардаги уйларнинг 85 фоизига зарар етди, бир неча ўнлаб уйлар ёниб кетди. Ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Улардан энг сўнггиси 8 ёшли Аян Ерболули 2 август куни пойтахтдаги шифохонада вафот этди. У портлаш юз берган куни аҳоли шаҳардан эвакуация қилинаётганида жароҳат олган эди. Қолган уч нафари – икки ҳарбий ва бир маҳаллий аҳоли вакили эса портлаш оқибатида ҳалок бўлган эди.

Сўнгги 10 йилда мазкур шаҳарда харбий ва ярим харбий объектларда ўқ-дорилар портлаши оқибатида инсонлар ўлими билан боғлиқ тўртта ҳодиса юз берди.

Август ойи бошларида аҳолининг уйларни тиклаш ишлари суст бораётганидан норозиликлари фонида ҳукумат Арисдаги қайта тиклаш ишларини 20 августга қадар узайтиришга қарор қилган эди.

XS
SM
MD
LG