Ссылки доступа

ҚР собиқ президенти Атамбаевга Қўй Тошдаги ҳодисалар туфайли айблов эълон қилинди


Бош прокуратура собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан Қўй Тошдаги ҳодисалар туфайли айблов эълон қилди. Бу ҳақда бош прокурор Откурбек Жамшитов баёнот берди.

Унинг таъкидлашича, бир нечта жиноий иш қўзғатилган бўлиб, айбловлар собиқ президентнинг алоҳида олинган тарафдорларига нисбатан қўйилди, суд қарорига кўра улар икки ой муҳлатга СИЗО-1 га жойлаштирилди.

«Бугун Атамбаевга - тартибсизликларни уюштириш, ноқонуний қурол савдоси, терговга қаршилик кўрсатиш, гаровга олиш, қотиллик ва суиьқасд факти бўйича айблов эълон қилинди», - дея хабар берди бош прокурор.

Унинг сўзларига қараганда, Атамбаевга нисбатан ҚР Жиноят Кодексининг турли моддаларида кўзда тутилган оғир жиноятлар - «Оммавий тартибсизликларни уюштириш», «Қотилликни уюштириш», «Ўлдириш учун суиьқасд уюштириш», «Гаровга олишни уюштириш» бўйича айблов эълон қилинган.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, президент Сооронбай Жээнбеков 7-8 август кунлари Қўй Тошда юз берган ҳодисалар бўйича жиноий иш терговини шахсан назоратга олди. Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари жиноий ишни қатьий қонун асосида тергов қилинишини ва айбдорлар жазога тортилишини талаб қилган. Бундан ташқари, бош прокурорнинг таъкидлашича, жиноий иш тергови доирасида собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг мулки ҳатланган. Мулклар 120 та пунктдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, 7-8 август кунлари Чуй вилояти Аламуддин туманидаги Қўй Тош қишлоғида «Алмазбек Атамбаевни мажбуран сўроққа олиб келиш тадбири» бўлиб ўтди. Атамбаев ушланганидан сўнг унга нисбатан «Коррупция» ва«Жиноятга шериклик» моддалари бўйича айблов қўйилди, суд қарорига биноан 26 августга қадар МХДҚ СИЗОсида ушлаб турилади.

Кейинроқ, ИИВда бўлиб ўтган сўроққа собиқ президентнинг айрим тарафдорлари, жумладан парламент депутатлари Асель Кодуранова ва Ирина Карамушкина, собиқ депутат Равшан Жээнбеков, собиқ давлат раҳбарининг маслаҳатчиси Қундуз Жолдубаева, МХДҚ собиқ раҳбари Абдиль Сегизбаев ва бошқалар чақирилди. 8 октябрга қадар президент аппаратининг собиқ раҳбари Фарид Ниязов, собиқ президент тарафдорлари Алга Қиличов, Қияз Смаилов ва Амантур Жамгирчиевлар ҳибсда ушлаб туриладиган бўлди.

XS
SM
MD
LG