Ссылки доступа

ҚР собиқ президенти Атамбаевнинг уйида махсус кучлар ходимини ўлдирганликда гумондор ушланди


Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг қароргохига ҳужум қилинаётганда махсус кучлар ходимини ўлдирганликда гумон қилинган шахс ушланди. Ҳозирча гумондорнинг исми маълум қилинмади. Бу маълумотни «Азаттық»қа жабрдийда томоннинг адвокати Қайрат Загибаев тасдиқлади.

Айрим ОАВ куч ишлатиш тузилмаларидаги ўз манбаларига таянган ҳолда марҳум ўзига тегишли бўлган қуролдан отиб ўлдирилганини ва гумондор МХДҚ СИЗОсига жойлаштирилганлигини маълум қилдилар.

Махсус хизматнинг маълум қилишича, бу ишни ИИВ тергов қилмоқда. ИИВдагиларнинг таъкидлашларича, бу борадаги маълумот кейинроқ тақдим қилинади.

Ўтган ҳафтада махсус кучлар Атамбаевни Бишкекдан унчалик узоқ бўлмаган Қўй Тош қишлоғидаги уйида қўлга олди. Атамбаев музокаралардан сўнг таслим бўлди. Тўқнашув вақтида 170 киши жароҳат олди, махсус кучларнинг бир ходими ҳалок бўлди. Собиқ президент август ойи сўнггига қадар ҳибсда ушлаб турилади.

13 август куни Бош прокуратура собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан Қўй Тошдаги ҳодисалар туфайли оғир жиноятлар содир этишда айблов эълон қилгани борасида маълум қилди. Атамбаевга нисбатан ҚР Жиноят Кодексининг турли моддаларида кўзда тутилган оғир жиноятлар — «Оммавий тартибсизликларни уюштириш», «Қотилликни уюштириш», «Ўлдириш учун суииқасд уюштириш», «Гаровга олишни уюштириш» бўйича айблов эълон қилинган. 14 август куни унга нисбатан яна иккита айблов қўйилгани маълум бўлди. Алмазбек Атамбаев адвокатининг сўзларига қараганда, иш ИЭМ ва “Форум” биноларининг модернизацияси билан боғлиқ.

Бишкек шаҳарсуди 16 август куни Алмазбек Атамбаевга нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартиш масаласини кўриб чиқади.

Қароргоҳни эгаллашда иштирок этган Қирғизистон ИИВ раҳбарининг ўринбосари Курсан Асанов ишдан бўшатилди, унга нисбатан жиноий иш очилди. Айнан Асанов Атамбаевни таслим бўлишга кўндирган эди.

Қийноқлардан огоҳлантириш бўйича Миллий марказ раҳбари Нурдин Сулайманов МХДҚ СИЗОсида ушлаб турилган Алмазбек Атамбаевнинг олдига борди. У«Азаттық» саволларига жавоб берар экан, собиқ президент икки кишилик камерада якка ўзи сақланаётганини ва махсус хизмат ходимларига нисбатан эътирози йўқлигини маълум қилди.

«Унинг айтишича, ушлаб туриш шароити, терговчиларнинг муносабати яхши, тиббиёт воситалари етарлича. Шифокорлар бир кунда уч марта унинг босимини ўлчаб турибди. Унинг олдига адвокат кирмоқда. Камерада кичикроқ ёритиш жиҳози бор. У ёритиш жиҳози тунда ўчириб қўйилишинигина сўрамоқда. «Тунда ёруғликда ухлай олмайман. Агар сиз бу масалани ҳал қилсангиз яхши бўларди, деди у», - дея қўшимча қилади Сулайманов.

XS
SM
MD
LG