Ссылки доступа

ОАВ: Трамп Даниядан Гренландияни сотиб олиш имконияти билан қизиқмоқда


АҚШ Президенти Дональд Трамп бир неча бор ўз маслаҳатчилари билан Қўшма Штатларнинг Гренландияни сотиб олиш имкониятларини ярим жиддий муҳокама қилган. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси Оқ уйдаги манбасига таянган ҳолда маълум қилди.

Гренландия Даниянинг мухтор вилояти ҳисобланади ва орол ҳудуд жиҳатидан Дания қироллигидан салкам 50 баробар катта бўлса-да, бу ерда доимий равишда атиги 56 минг киши истиқомат қилади.

The Wall Street Journal манбаларининг сўзларига қараганда, расмий учрашув ва яқинлари билан бўлиб ўтадиган суҳбатларда Трамп маслаҳатчиларидан АҚШ қонунан Гренландияни олиши мумкинми дея сўраган, ва жавобларни қизиқиш билан тинглаган ҳамда Шимолий Атлантика ва Шимолий Муз океани ўртасида жойлашган Дания ҳудудининг катта табиий ресурсларига ва геосиёсий аҳамиятига эътибор қаратган. Президент ҳатто Оқ уй юристларига мурожаат қилиб эҳтимолий битимнинг хуқуқий асосларини ўрганиб чиқишларини илтимос қилган.

Сентябр ойи бошларида Трампнинг Данияга расмий ташрифи режалаштирилган. Бироқ, The Wall Street Journalнинг ёзишича, кун тартибига Гренландия масаласини муҳокама қилиш киритилмаган.

The Wall Street Journalнинг таъкидлашича, президент Копенгагенда ўзининг мухтор ҳудудларини бир йилда 591 миллион долларлик молия билан таъминлашда мураккабликлар пайдо бўлгани ҳақида хабар топганидан кейин, Трампнинг Гренландияга қизиқиши пайдо бўлган. Айнан ўшанда Трамп хаёлига Гренландияни сотиб олиш ғояси келган.

Гренландияни сотиб олиш ғояси - янги эмас. 1867 йилда АҚШ Россиядан Аляскани сотиб олганида Давлат департаменти Гренландия ва Исландияга эгалик қилиш имкониятларини ҳам ўрганиб чиққан эди. Аммо иш битимгача етиб бормади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Гренландиянинг стратегик аҳамиятини эътиборга олган президент Гарри Труман орол учун Данияга 100 миллион доллар таклиф қилган. Копенгаген рад жавобини берган эди. Бироқ, Гренландияда АҚШнинг энг шимолдаги ҳарбий-ҳаво базаси бор.

XS
SM
MD
LG