Ссылки доступа

Қозоғистон ҳукумати давлатдан ёрдам олувчи минглаб кишиларни даромадларини яширишда айблади


Қозоғистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан 17 август куни тарқатилган баёнотда таъкидланишича, “мунтазам равишда манзилли ижтимоий кўмак олиш мақсадида” 21 мингга яқин оила ўз даромадларни яширган.

Вазирликнинг қайд қилишича, ходимлар томонидан ўтказилган таҳлилларда “участка комиссиялари томонидан моддий ёрдамларни тақсимлашда расмиятчилик” фактлари, шунингдек даромадларни атайлаб паст қилиб кўрсатиш ҳолатлари аниқланди. Вазирлик минтақалардан шу каби мисолларни келтирар экан, кўмак сўраб мурожаат қилган оилалар ўзларининг даромадларини камайтириб кўрсатганликларини ва давлат идораларига нотўғри маълумотларни тақдим қилганликларини таъкидлаб ўтади. Меҳнат вазирлиги“нотўғри тақсимланган тўловларни қайтариш ва қайта кўриб чиқиш борасида” ҳокимликлар билан биргаликда иш олиб борилаётганлигини қайд қилди.

Қозоғистонда шу йилнинг баҳорида – мамлакатнинг айрим минтақаларида кўп болали оналарнинг оммавий чиқишларидан кейин манзилли ижтимоий ёрдам миқдори ва тўлов шартлари қайта кўриб чиқилган эди. Кўпболали оналар ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва ўзларига бериладиган имтиёзларни қайта кўриб чиқишни талаб қилишди. Оммавий чиқишлар 4 февраль куни пойтахтда юз берган ёнғин туфайли бир оиланинг беш нафар қизчаси ҳалок бўлганидан сўнг бошланди.

2019 йилнинг 27 февралида бўлиб ўтган «Нур Отан» партиясининг қурултойида унинг раиси ва ўша вақтдаги мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев давлат кўмаклари миқдорини ўртача яшаш даражасининг 70 фоизигача кўпайтириш зарурлигини ва кам таъминланган оилаларнинг фарзанди учун тўловлар миқдорини энг камида 21 минг тенге дея белгиланишини таъкидлаган эди. Март ойи бошларида у баёнот бериб, кам таъминланган ва кўп болали оилалар ижтимоий кўмакни 1 апрелдан бошлаб олишлари лозимлигини таъкидлаган эди. Бу борада парламент томонидан тайёрланган ҳужжат апрель ойи бошларида президент сифатида Назарбаевнинг меросхўри Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан имзоланди.

Апрель ойида фуқаролардан ҳужжатларни тўплаш жараёни бюракратик тўсиқлар борасидаги шикоятлар билан бошланди. Май ойида меҳнат вазирлиги баёнот бериб, 160 мингдан ортиқ муҳтож оила, ёки 860 минг киши давлатдан ёрдам олганлигини маълум қилди.

XS
SM
MD
LG