Ссылки доступа

Душанбедаги кўплаб паркларга кириш пуллик бўлди


Душанбе аҳолиси пойтахтдаги айрим парк ва маҳаллий хиёбонларга кириш пуллик бўлганидан шикоят қилмоқда.

Масалан, Садриддин Айний номли маданият ва дам олиш боғига кириш учун икки сомони тўлаш керак. Мазкур паркдаги болалар майдончасига кириш учун паркка киришдан ҳам бир неча баробар қиммат тўлаш керак бўлади. Расмийларнинг айтишларича, паркка кириш нархлари аксилмонополия хизмати билан келишилган ва тўпланган пуллар парк ҳудудларини таъмирлаш ва хизмат кўрсатишга сарфланади.

Айний номли маданият ва дам олиш паркининг мудири Амруллох Бокиевнинг Радио Озодига айтишича, парк реконструкция ва таъмирланганидан сўнг унинг ҳудудида тадбиркорлар томонидан “Эртаклар олами” деб номланган болалар майдончаси барпо қилинди ва бу майдон парк маъмуриятидан ижарага олинди.

Пул тўламай болалар майдончасига кириб бўлмайди. Болалар майдончасига кириш ҳаққи бу ерда бўлиш вақти ва қайси аттракционлардан фойдаланишга қараб белгиланади. Масалан, Душанбе шаҳридаги Фирдавсий парки бўйлаб карт бўйича бир марта сайр қилиш учун ҳар бир киши учун 15 сомони тўланиши керак. Айни шу паркда бошқа аттракционлар учун 3 сомонидан 8 сомонигача тўланади, аттракционлардан фойдаланиш вақти 2,5 дан 5 дақиқагача.

Шу каби хизматлардан фойдаланганликлари учун, Фирдавсий паркида жойлашган “Семруғ” болалар кўнгил очар мажмуасида ташриф буюрувчилар 6 сомонига махсус карт харид қилишлари ва турли аттракционлардан фойдаланишлари учун картларни 40-50 сомони (5 долларга яқин)га тўлдиришлари керак бўлади. Суҳбатдошларимизнинг айтишларича, бу пуллар қисқа муддатларда уларнинг кўз ўнгида сарфлаб бўлинади.

“Семруғ” парки инспектори дея ўзини таништирган Вазирбек Назировнинг айтишича, парк ярим гектар ҳудудда тадбиркор Адибшох Асоев ва «Талко» компанияси томонидан қурилган. Унинг сўзларига қараганда, 10 йил муддатга бериган ҳудуд учун у 15 минг сомони миқдорида Фидавсий парки маъмуриятига ижара тўлайди.

Фирдавсий ва Айний парклари билан бир қаторда Умар Хайём парки ва Ботаника боғига ҳам кириш пуллик бўлди. Мана шу тўртта паркнинг ҳаммасига кириш учун бир хил нарх - икки сомони белгиланди, 7 ёшгача бўлган болалар ва ногиронларга кириш бепул.

Бугунги кунда Душанбеда 17 та парк ва хиёбон бор. Душанбе шаҳар ободонлаштириш Бошқармаси мудири Шерали Раҳмоновнинг айтишича, «парклар фойда келтириши керак. Агар киришдан фойда кўрилса, у ҳолда парклар ўз ҳисобларидан ушлаб турилади ва шу тариқа пойтахт бюджети қўллаб-қувватланади».

XS
SM
MD
LG