Ссылки доступа

Нур-Султонда оналар болаларни мактабга тайёрлашга пул етмаётганидан шикоят қилмоқда


19 август, душанба куни қирқдан ортиқ аёл болаларни мактабга тайёрлаш мақсадида кўп болали ва кам таъминланган оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамнинг паст даражадалигидан шикоят қилиш мақсадида Оқўрда олдида тўпланди.

Тўпланганлар олдига пойтахт ҳокимининг ўринбосари Бахтияр Макен чиқиб, кам таъминланган ва кўп болали оилалар учун ҳар бир боланинг мактаб формасига ҳокимият 30 минг тенге (78 АҚШдоллар) ажратишини маълум қилди.

Макеннинг айтишича, пойтахтдаги еттита дўкон имтиёзли нархлар бўйича мактаб формасини тақдим қилмоқда ва бир болани 30 минг тенгега бемалол кийинтириш мумкин. Аммо аёллар унинг гапларига рози бўлишмади: аёлларнинг айтишларича, болаларни мактабга тайёрлашга бу пуллар етарли эмас экан.

Бахтияр Макеннинг таъкидлашича, болаларни мактабга чиқаришда ҳокимият ёрдам берадиган кўплаб оилалар яна манзилли ижтимоий кўмак оладилар.

Ҳоким ўринбосари билан суҳбатда тўпланган аёлларни махсус кучлар отряди қуршаб олди, Оқўрда атрофига ўнга яқин автобус ва тез ёрдам машиналари келтириб қўйилди. Аёллар билан суҳбатлашиб бўлгач Макен йўқолиб қолди, тўпланган аёллар эса маълум муддат Оқўрда олдида қолишди.

2019 йилнинг февралида Нур-Султондаги хусусий уйлардан бирининг бошпанасида юз берган ёнғин оқибатида бир оиланинг беш нафар қизчаси ҳалок бўлди. Кўп болали оналарнинг чиқишлари фонида ўша вақтдаги мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев ўз қўл остидагиларни “аҳоли билан ишлай олмаслик”да айблади ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлай олмагани боис ҳукуматни истеъфога чиқарди. Президет сифатида март ойида Назарбоевнинг ўрнини эгаллаган Қасим-Жомарт Тоқаев апрелда кўп болали оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунни имзолади, унга кўра ҳар бир аъзосининг даромади ўртача яшаш минимумидан паст бўлган оилаларнинг болаларига ҳар ойда 21 минг тенге миқдорида пул бериш кўзда тутилади.

Ҳукумат мамлакатда норозилик кайфиятлари ўсиб бориш фонида кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш чора тадбирларини эълон қилди. Шу каби чоралардан бири яқинда қабул қилинган алоҳида олинган фуқароларнинг “қарз юкларини қисқартириш” тўғрисидаги қарор бўлди. Ҳукумат муҳтожлар томонидан олинган истеъмол кредитларини қисман кечиб юборилишини эълон қилди. Кўрилаётган бу каби чоралар билан бир вақтда миллий валютанинг кучсизланаётгани ва нархларнинг кўтарилиши ҳақида ҳам хабарлаар пайдо бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG