Ссылки доступа

Қирғизистон собиқ президенти Атамбаев 26 октябрга қадар ҳибсда қолади


Собиқ президент Алмазбек Атамбаевга эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда ушлаб туриш 26 октябрга қадар узайтирилди. Бу борадаги қарор Биринчи май туман судининг МХДҚ биносида бўлиб ўтган кўчма мажлисида қабул қилинди.

Аввал қабул қилинган суд қарорига кўра Атамбаев МХДҚ СИЗОсида 26 августгача қолиши керак эди. Адвокат Замир Жоошевнинг таъкидлашича, бу қарор “навбатдаги қонун бузилишидир”.

«Суд ҳибсда ушлаб туриш муддатини узайтириш борасидаги прокурор илтимосномасини қаноатлантирди. Бу каби масалалар бўйича суд мажлислари суд биносида ва очиқ режимда ўтиши керак. Бугун суд мажлиси яна МХДҚ биносида бўлиб ўтди. Бу қонунга зиддир. Суд мажлиси нима учун МХДҚ биносида ва нима учун ёпиқ режимда бўлиб ўтаётгани борасида суд қарори бўлиши керак эди. Аммо бу каби қарор йўқ», - деди Жоошев.

16 август куни МХДҚ биносида Бишкек шаҳар судининг кўчма мажлиси бўлиб ўтди, унда эҳтиёт чорасини ўзгартириш борасида ҳимоячиларнинг илтимосномаси кўриб чиқилди. Ўшанда суд собиқ президент адвокатларининг илтмосномаларини қаноатлантирмади ва Атамбаевни 26 августгача ҳибсда қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, 7-8 август кунлари Чуй вилояти Аламуддин туманидаги Қўй Тош қишлоғида «Алмазбек Атамбаевни мажбуран сўроққа олиб келиш тадбири» бўлиб ўтди. Атамбаев ушланганидан сўнг унга нисбатан Азиз Батукаевни озод қилиш иши бўйича «Коррупция» ва «Жиноятга шериклик» моддалари бўйича айблов қўйилди.

13 август куни Бош прокуратура собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан Қўй Тошдаги ҳодисалар туфайли оғир жиноятлар содир этишда айблов эълон қилгани борасида маълум қилди. Атамбаевга нисбатан ҚР Жиноят Кодексининг турли моддаларида кўзда тутилган оғир жиноятлар — «Оммавий тартибсизликларни уюштириш», «Қотилликни уюштириш», «Ўлдириш учун суииқасд уюштириш», «Гаровга олишни уюштириш» бўйича айблов эълон қилинган.

Кейинроқ Бош прокуратура бошқа ишлар бўйича ҳам айблов эълон қилинганлигини эълон қилди. 15 август куни адвокат Сергей Слесаревнинг хабар қилишича, умумий ҳисобда Атамбаевга жиноят гумони билан 14 та билдиришнома берилган.

XS
SM
MD
LG