Ссылки доступа

Эрон АҚШни нефт танкерини эгаллаб олишдан огоҳлантирди


Теҳрон Вашингтонга мурожаат қилиб якшанба куни Гибралтар сув ҳудудларидан чиқиб, айрим маълумотларга кўра? Грециянинг Каламата порти томон йўлга чиққан Эронга тегишли супертанкерни қўлга олишдан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Танкер бортида 2 миллион баррелдан кўпроқ нефть маҳсулоти, капитан сейфида эса салкам бир миллион нақд доллар бор. Grace 1 супертанкери Буюк Британия расмийлари томонидан 4 июль куни халқаро санкцияларни бузган ҳолда Сурияга нефть олиб кетиш гумони билан ушланган эди. Икки ҳафтадан кейин Ислом инқилоби қўриқчилар Корпуси Ормуз бўғозида Британияга тегишли Stena Impero танкерини, экипаж аъзолари халқаро кемачилик қоидаларини бузганликда айблаб қўлга олди. Британия танкери ҳамон ҳибсда ушлаб турилибди.

АҚШ кемани ҳибсга олиш борасида АҚШ илтимосини бажармаган ва Эрон танкерини қўйиб юборганГибралтар хукуматининг қароридан “чуқур афсусланиши”ни билдирди. Маълумки, Эрон танкерининг юклари Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатида бўлган портларда туширмаслигига ишонтирганидан сўнг Гибралтар томонидан озод қилинган эди.

​Танкерни ҳибсга олиш борасидаги ордер Сурияга Эрон нефтини етказиб бериш орқали Эрон Америка молиявий тизимидан “ноқонуний фойдаланаётгани”, шунингдек аксилтеррор қонунчилиги ва ноқонуний пулларни қонунийлаштириш қонунларини бузгани туфайли АҚШ Адлия вазирлиги томонидан жума куни маъқулланган эди. 2019 йил апрелидан бошлаб АҚШ Ислом инқилоби қўриқчилари Корпусини террор ташкилотлари рўйхатига киритган.

Эрон расмийлари санкциялар туфайли танкер борадиган охирги нуқтани айтмагани боис Каламата порти кема кирадиган сўнги порт сифатида кўрилган эди. Хельсинкида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрон ташқи ишлар вазири Жавад Зарифи баёнот бериб, АҚШ Эрон нефтини харид қилувчларни қўрқитаётганини таъкидлади, шу билан бирга кеманинг озод қилиниши Форс кўрфазидаги кескинликни юмшатишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Жадвал бўйича танкер Каламата портига 26 август куни келиши керак. ОАВ хабарларига қараганда, Греция расмийлари ҳозирча танкернинг кириши борасида расман маълумотнома олмаган. Каламата порти асосан круиз кемаларига хизмат кўрсатади ва нефть маҳсулотларини туширишга мослаштирилмаган.

Гибралтардан чиқиб кетишдан аввал кемада Эрон байроғи кўтарилди (унга қадар танкер Панама байроғи остида сузган эди), кеманинг номи эса Adrian Darya дея қайта номланди.

XS
SM
MD
LG