Ссылки доступа

Туркманистон ўз фуқароларини ўқиш учун хорижга чиқармаяпти


Туркманистон фуқаролари ўқиш ва меҳнат миграцияси мақсадида хорижга чиқиш йўлида яна қийинчиликларга дуч келди. Ашхобод халқаро аэропортида туркманистонликлар рейсларга қўйилмаётгани ҳақида Азатлиқ радиосининг мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги мухбирлари ва манбалари хабар бермоқда.

«Маълум бўлишича, бу йил Туркманистонда дипломлари тан олинадиган хорижий олий таълим даргоҳларининг рўйхати эълон қилинди. Аммо ҳозир, рухсат берилган мамлакатларга бормоқчи бўлганларни ҳам чиқаришмаяпти. Сўнгги ойларда ўнлаб ёш йигит ва қизларни рейсларга қўйишмади», - дея 19 август куни хабар берди Азатлық радиосининг Лебапдаги мухбири. Шу билан бирга у барча ҳолатлар бўйича Ашхобод аэропорти миграция хизмати ходимлари фуқароларнинг рейсга қўйилмагани юзасидан расман изоҳ бермаганини таъкидлаб ўтди.

Азатлық мухбири шу каби вазиятга тушиб қолган минтақаларнинг бир нечта аҳолиси билан суҳбатлашди. Азатлық муҳарририяти ўз суҳбатдошларининг хавфсизлиги нуқтаи назаридан уларнинг исмини ошкор қилмайди.

Туркманистонликларнинг хорижга, жумладан Кипрга чиқарилмаётгани ҳақида Азатлық радиосига Туркияда ўқийдиган йигит маълум қилди. Ўз номини ошкор қилишни истамаган туркманистонлик талабанинг айтишича, июль ойи ўрталаридан бошлаб туркман расмийлари ўқиш ва ишлаш учун Шимолий Кипрга бормоқчи бўлган фуқароларни мамлакатдан чиқаришни тўхтатган.

«Кўплаб фуқароларда иш ва талабалик визалари бўлишига қарамай, улар Ашхободда рейсларга чиқарилмади. Менинг жияним ўқийди. У ёзги таътилда уйга борган эди ва мана энди уни ҳам чиқаришмаяпти. Унда талабалик визаси бор. У бирор бир қонунни бузмаган, ишламаган, қонуний асосларда ўқиган», - дейди Туркияда таълим олаётган туркманистонлик.

Талабанинг айтишича, айрим туркиялик иш берувчилар Туркманистоннинг элчихонасига мурожаат қилиб, ходимларини мамлакатдан чиқиб кетишига имконият яратиб беришда ёрдам сўрашган. Аммо бу компанияларнинг илтмосномалари жавобсиз қолган. Талабанинг сўзларига қараганда, шу билан бирга ўтган ҳафтада айрим танишлари амалдорлар ёки воситачиларга пора бериб Туркманистондан чиқиб кетишга муваффақ бўлишган.

Сўнгги икки йилда Азатлық радиоси бир неча бор фуқароларнинг мамлакатдан чиқиб кетишига, жумладан ўқиш ва меҳнат миграцияси учун, тўсқинликлар бўлаётгани ҳақида хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG