Ссылки доступа

Google ва Mozilla Қозоғистон расмийларининг хавфсизлик сертификатини блоклайди


Firefox и Chrome браузерларини қўллаб-қувватловчи Mozilla ва Google компаниялари “Қозоғистон ҳукумати томонидан мамлакат ичкарисидаги интернет трафикни ушлаб олиш имкониятларини блоклаш мақсадида” янги технологик қарорларини ишга туширганликлари борасида баёнот бердилар.

Mozilla сайтида учта; инглиз, рус ва қозоқ тилида эълон қилинган расмий баёнотда таъкидланишича, компания Қозоғистонда интернет-провайдерлар фуқоролардан “Интернетга киришлари учун ҳар бир браузер ва барча жиҳозларга давлат сертификатини ўрнатиш”ни талаб қилаётгани борасида “ишончли маълумот олганидан сўнг” бу каби чораларни кўрмоқда. Бу сертификат ўрнатилганидан сўнг "хукумат фойдаланувчилар томонидан юборилган барча маълумотларни ўқиш ва расшифровка қилиш имкониятига эга бўлади".

Шу каби баёнот Googleнинг расмий блогида ҳам пайдо бўлди. Унда таъкидланишича, жорий қилинадиган техник қарор "Қозоғистон ўрнатадиган сертификатни блоклайди". Компаниянинг хабар қилишича, фойдаланувчилар ҳеч қандай ҳаракат қилишлари керак эмас. Бундан ташқари қурилма Chromium чиқиш кодига киритилган ва вақти келиб унинг асосига қурилган бошқа браузерларда ҳам ишлайди.

"Биз бу каби ҳаракатларни жорий қилмоқчи эмасдик, аммо фойдаланувчиларни ҳимоя қилиш ва Интернет яхлитлиги– бу Firefox фаолиятининг асосий принципидир", – дея Mozilla ихтибос келтиради ишонч ва хавфсизлик бўлими катта директори Маршалл Эрвиннинг сўзларидан.

"Биз мазкур аниқ муаммодан ҳимоя чораларини қўлладик ва дунёдаги барча фойдаланувчиларимизни ҳимоя қилиш борасида ҳамиша шу каби чораларни кўрамиз", – дея таъкидлайди Chrome браузерининг технолгиялар бўйича катта директори Парис Табриз.

Mozillaнинг таъкидлашича, Қозоғистон хукуматининг шу каби сертификат жорий қилишга уриниши ҳисоб бўйича иккинчисидир. Биринчи уриниш 2015 йилда амалга ошмоқчи эди, аммо бунинг уддасидан чиқмаганди.

Apple компаниясининг баёнот беришича, Safari браузери “хавфсизлик сертификати”ни блоклаш учун чора кўришга мослаштирилган. Компаниянинг таъкидлашича, Qaznet Trust Network ишончли сертификатлар рўйхатидан чиқарилди.

“Хавфсизлик сертификати”ни жорий қилиш июлда бошланди. Қозоғистон фойдаланувчилари алоқа операторларидан ўз қурилмаларига Qaznet Trust Network ўрнатиш борасида хабарлар ола бошлашди. Турли идораларнинг вакиллари бу жиҳоз кибер ҳужумлар ва хуқуққа қарши контентларлан ҳимоя қилишини таъкидлай бошладилар.

Технология киберхавфсизлик бўйича мутахассислар ва хуқуқ ҳимоячилари томонидан танқид қилина бошланди. Улар баёнот бериб, бу жихоз маълумотларни ушлаш ва кузатишга мослаштирилганини айтишди, ҳамда унинг ёрдами билан хукумат мамлакатда интернет устидан назоратни кучайтиришидан ўз хавотирларини билдиришди.

7 август куни кечқурун президент Қасым-Жомарт Тоқаев твиттерда, ўзининг топшириғига кўра сертификат миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан киритилаётганини ёзди. Сертификатнинг асосий мақсади “ташқаридан бўладиган ҳужумлар”дан ҳимоя қилиш мақсадида “синов” экани таъкидланди. МХҚ сертификатнинг жорий қилинишини “муваффақиятли синов” бўлганини таъкидлади ва келажакда ундан “ташқи кибер ҳужумлардан” ҳимояланишда фойдаланишларини маълум қилдилар.

XS
SM
MD
LG