Ссылки доступа

Ўзбекистонлик курашчи "миллий низо қўзғаш"да айбланмоқда


Қирғизистоннинг Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси ўзбекистонлик спортчи Нурсултон Рўзибоевга нисбатан “ирқий, этник, миллий, диний ёки ҳудудлараро низо қўзғаш” айблови билан жиноят иши қўзғатди.

Қирғизистон маҳаллий нашрларнинг 21 август куни Ички ишлар бошқармаси тарқатган расмий баёнотга таяниб хабар беришича, Рўзибоев 18 август куни Ўш вилоятининг Қорасув шаҳрида “Қулатуу” яккакураши бўйича ўтган турнирда иштирок этган ва қирғизистонлик спортчига ютилиб қолган. Шундан сўнг у Instagram орқали ҳақоратли видеони тарқатган.

Ички ишлар бошқармаси “Рўзибоев айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида бўлгани учун унга нисбатан тергов Минск конвенцияси асосида ўтказилиши”ни ҳам билдирган.

Рўзибоев кейинроқ бу видеони ўчириб, ўрнига бошқа видеони эълон қилди. Видеода Рўзибоев: “Биринчидан судья бизнинг байроғимизни ирғитиб юборди, сўкиниб, турта бошлади. Унинг бизнинг байроғимизни ирғитиб ташлашга, сўкинишга нима ҳақи бор эди? Бир гуруҳ одамлар мени калтаклашмоқчи бўлишди. Нега улар меҳмонларга бундай муносабатда бўлишди”, деб айтди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган турнир видеосида судья Ўзбекистон байроғини Рўзибоев қўлидан тортиб олиб, ерга отиб юборганини кўриш мумкин.

Бироқ ҳозирча Ўш вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳам, ҳукумат органлари ҳам мазкур ҳолатга муносабат билдирмади.

Ўзбекистон ҳукумат органлари ҳам Ўзбекистон байроғига бундай муносабатда бўлиниши юзасидан ўз фикрини билдирмади.

XS
SM
MD
LG