Ссылки доступа

Туркманистон раҳбарияти банкоматларда пул йўқлигини тан олди


Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов банк карталари жорий қилингандан кейин мамлакатда нақд пул етишмаётгани билан боғлиқ муаммони билвосита тан олди. Сўнгги ойларда ночор оилалар учун бу катта муаммога айланди.

Одатга кўра бу гал ҳам президент барча маъсулиятни амалдорлар зиммасига юклади. Давлат раҳбари банкоматларда нақд пул етишмаслиги ҳукуматнинг молиявий сиёсатига боғлиқ эмаслигини, бу техник характердаги муаммо эканлигини маълум қилди.

Расмий ОАВ хабарига кўра, 19 август куни видеоалоқа орқали ўтказилган ҳукумат мажлисида Бердимуҳамедов баёнот берар экан «кредит муассасаларида молия маблағлари етарли миқдорда» эканлигини айтди. Мажлисда банк соҳасига “инновацион технологияларни жорий қилиш борасида”ги амалдорларнинг ҳисоботини тинглаб бўлгач, Бердимухамедов баёнот бериб банкоматларнинг тинимсиз ишлаши назорат қилиб борилса бирор бир муаммо бўлмаслигини таъкидлади.

Шу муносабат билан президент Марказий банк раиси Мердан Аннадурдиевга банкоматлар устидан назоратни сусайтиргани учун ҳайфсан эълон қилди. Аммо банкоматларда нақд пулларнинг йўқлиги борасидаги аниқ сабаблар келтирилмади.

Шуни таъкидлаш керакки, мамлакат банкоматларида нақд пул етишмовчилиги билан боғлиқ инқироз икки йилдан бери давом этмоқда. Мунтазам равишда нақд пулларни ечиш борасида чекловлар жорий қилинади, мамлакатда узундан узун навбатлар пайдо бўлган.

“Озодлик” радиосининг туркман хизмати томонидан мамлакатдаги банкоматлар олдида узундан узун навбатлар ҳақидаги кўплаб мақолалардан сўнг Марказий Банк раҳбарига ҳайфсан берилди.

Пулларни банкоматларда ечиш мамлакат аҳолисининг нақд мабағларга эга бўлишининг ягона йўлидир, мамлакатда товар ва хизматлар учун нақд пулсиз тўловни амалга ошириш ривожланмаган. Бир неча йилдан бери давлат хизматчиларининг маошлари, пенсия, нафақа, стипендия, шунингдек фермерларнинг иш хақлари банк карточкаларига ўтказилади.

Туркманистон Марказий банкининг собиқ раиси Худайберди Оразовнинг фикрича, нақд манатларнинг етишмаслиги банк картларини жорий қилиш учун етарлича инфратузилмалар ва бунинг учун шароит яратилмагани асосий сабабдир.

XS
SM
MD
LG