Ссылки доступа

Олмаота вилоятида фаол Галина Арзамасовага қарата ўқ отилди


Олмаота вилоятининг Талгар шаҳрида 26 август куни номаълум шахс фуқfролар фаоли Галина Арзамасовага қарата ўқ узди.

Унинг телефон орқали Азаттық мухбирига хабар беришича, у кирмоқчи бўлган Талгар туман ҳокимияти биноси олдида пневматик қуролдан ўқ отилиб, уни яралашган.

«Ўқ тос суягига тегди», – дейди Арзамасова. Унинг сўзларига қараганда, ўқ бир неча ўн метр масофада турган автомобилдан отилган. «Етиб келган шифокорлар бригадаси шўр эритма сепишди ва шифохонага ётқизиш борасида таклиф қилишди. Полиция гапларимни тинглади ва ҳеч нарса ёзмай кетиб қолди», – дейди Арзамасова ва қўшимча қилар экан ариза ёзиш учун ўзи полицияга боришини таъкидлади.

Шунингдек, Арзамасованинг айтишича, ҳокимиятда видеокузатув камерасидаги ёзувни талаб қилиш ниятида. Чунки унинг сўзларига қараганда, камерага мерган ўтирган автомобиль тушиб қолган бўлиши керак.

Ички сиёсат бошқармаси вакили Толқин Саметованинг Азаттық радиосига айтишича, ҳодиса “ҳокимият биноси олдидаги майдончада юз берган”, бу вақтда Арзамасова администрацияга келаётган эди, айни дамда раҳбарият «видеокузатув камерасидаги ёзувларни кўрмоқда». Саметованинг сўзларига қараганда, дастлабки версияга кўра, пневматик қуролдан ўқ отилган. «Айни дамда полиция текширув ўтказмоқда», – деди Саметова ва биринчи ёрдам кўрсатилганидан сўнг Арзамасова уйига кетганини сўзларига қўшимча қилди.

Арзамасованинг фикрича, ҳужумнинг мақсади уни ҳоким билан учрашувга киритмаслик бўлган. Галина Арзамасова Талгар туманидаги Панфилов қишлоқ округидаги Қорабулоқ қишлоғида истиқомат қилади. У давлат идораларининг шаффофлиги ва очиқлиги учун курашиб келади ва фуқароларнинг фикрлари инобатга олинмасдан яшил ҳудуддаги ерлар сотилмаслиги юзасидан чақириқлари билан машҳур бўлиб сўнгги йилларда бир неча бор ўзига нисбатан босим бўлаётганини айтиб келади. 2017 йилда, ўзининг айтишича, номаълум шахслар томонидан икки марта ҳужумга учради, шундан сўнг уйига ўғри тушди ва уйига ўт қўйишга уриниш бўлди.

XS
SM
MD
LG