Ссылки доступа

Қозоғистонда ов инспекторининг ўлими иши бўйича суд бошланди


27 август куни Қарағандада ов инспектори Ерлан Нургалиевнинг ўлими ва унинг ҳамкасби Петр Ницыкка суиқасд иши бўйича шов-шувли суд жараёни бошланди. Судланувчилар ўриндиғида Қизил Ўрда вилоятида истиқомат қилувчи етти киши ўтирибди. Улар 32 ёшдан 53 ёшгача.

Улардан уч нафари “бошқа жиноятни яшириш ёки содир этилган жиноятни енгиллаштириш мақсадида” Ерлан Нургалиевни ўлдиришда ва Петр Ницыкни ўлдиришга ҳаракат қилишда айбланмоқда. Уларнинг ҳаммасига “ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи бўлган ҳайвонларга нисбатан катта миқдорда зарар етказган ҳолда ноқонуний ов қилиш” айби қўйилмоқда.

Қотилликда айбланаётган уч киши ҳибсда ушлаб турилибди, қолган тўрт нафари эса гаров эвазига озодликка чиқарилган. Етти кишининг ҳаммаси аввал судланмаган. Тергов жараёнидаёқ гумондорлар қотиллик бўйича айбни тан олишмаган. Улар шунингдек ўзлари томонидан 17та сайғоқ овланганини ҳам бўйнига олмаяпти. Судланувчиларнинг айтишларича, улар бўриларни овлашган экан.

Жабрдийда сифатида марҳум инспектор Ерлан Нургалиевнинг акаси Нурлан Нургалиев, шунингдек марҳум инспекторнинг ҳамкасби 53 ёшли Петр Ницык кўрилмоқда. Жабрдийда томон ҳозирча маънавий зиён борасида баёнот бермади, аммо бу истисно қилинмаяпти. Азаттық мухбирлари билан суҳбатда жабрдийдалар судланувчилапрга нисбатан энг максимал жазо берилишини сўрашларини айтишди. Марҳумнинг акасининг айтишича, ноқонуний ов қилишда судланаётган қолган тўрт нафари ҳам қотилликка шерик сифатида кўрилиши керак. Иш материалларига кўра, ҳар икки инспектор қуролли браконьерлар гуруҳини қўлга олмоқчи бўлган ва уларга қарши курашган.

Инспектор Ерлан Нургалиев Қарағанда вилоятининг Нурин туманида ов қилаётган бир гуруҳ одамлар томонидан ўққа тутилди. Унинг бош чаноғи синган ва бош-мия суяклари шикастлаган, шунингдек юзи ва кўкрак қисми кўкариб кетган эди. Ерлан ҳушига келмасдан 15 январь куни Остонадаги шифохонада вафот этди. Унинг тирик қолган ҳамкасби Петр Ницыкнинг бош –мия суяклари шикастланган, бошидан жароҳат олган эди.

Бу жиноий иш кенг жамоатчилик орасида шов-шувларга сабаб бўлди. Жамоатчилик Қозоғистон ўрмон ва ҳайвонат дунёсини сақлаш инспекторларининг ваколатларини кенгайтириш талабларини илгари сурдилар. Айбловга кўра 17 та сайғоқ отилган.

Ярим йилдан кейин Қозоғистонда «Охотзоопром» инспекторига нисбатан яна битта ҳужум уюштирилди. «Охотзоопром» инспектори Каниш Нуртазинов Оқмола вилоятида браконьерларни таъқиб қилар экан жароҳат олди, уни ҳаётга қайтаришнинг имкони бўлмади.

XS
SM
MD
LG