Ссылки доступа

Қозоғистонда сиёсий ислоҳотлар ҳаракатининг фаоллари полицияга чақирилмоқда


«Oyan Qazaqstan» фуқаролар ҳаракатининг камида икки иштирокчиси бугун Олмаотада полицияга чақирилди, дея хабар беради Қозоғистонда сиёсий ислоҳотларга чақирувчи мазкур ёшлар ҳаракатининг иштирокчиси фаол Асем Жапишева.

Жапишеванинг айтишича, полицияга 28 август куни эрталаб Жанел Шаханова ва Роман Захаровни олиб кетишган. Захаров шу йилнинг баҳорида Конституциядаги “Давлат хокимиятининг ягона манбаи халқдир”, деган ёзув бўлган баннерни осган ва “жамоат жойини ифлослантиргани учун” ушланган эди. Суд Захаровни маъмурий ҳибсга олиш борасида ҳукм чиқарган, кейинроқ эса жарима билан алмаштирган эди.

— Менга ҳам келиб повестка топширишмоқчи эдилар, аммо мен [полиция келганида] уйда йўқ эдим, — дейди Асем Жапишева.

«Oyan Qazaqstan» фаолларининг ушланиш сабаблари ҳақида шаҳар полиция департаментидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади: матбуот хизматининг телефонлари жавоб бермаяпти.

«Oyan, Qazaqstan» фуқоролар ҳаракати фаоллари аввалроқ баёнот бериб 30 август - Конституция кунида ислоҳотлар учун тинч намойишга чиқишлари борасида маълум қилишган эди.

Уларнинг баёнотига қараганда, Асосий қонунда белгилаб қўйилган президентнинг “чекланмаган ваколатлари” Қозоғистонни “ривожланишига йўл бермаётган” экан. Фаоллар президент ваколатлари чекланишини ва тузум ислоҳ қилинишини таклиф қилдилар. Ҳаракат аъзолари сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари тузиш борасидаги чекловлар бекор қилинишини, сайловлар тўғрисидаги қонунлар ислоҳ қилинишини таклиф қилишмоқда.

«Oyan, Qazaqstan» («Уйғон,Қозоғистон») ҳаракати ташкил қилиниши борасида бир гуруҳ фаоллар 5 июн куни Олмаотада эълон қилишган эди. Ҳаракат ташаббускорлари баёнот бериб расман рўйхатдан ўтиш ниятида эмасликларини, сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилмасликларини ва мамлакат ичкарисидан ҳам, ташқарисидан ҳам молиявий ёрдам олмасликларини маълум қилган эдилар. Улар ҳаракатга қанча одам қўшилгани ва Қозоғистоннинг турли минтақасида қанча одам қўллаб-қувватлаши борасидаги саволга жавоб беришда қийналишади.

Сўнгги ойларда «Oyan, Qazaqstan» Қозоғистоннинг шаҳарларида SERUEN («серуен» қозоқчадан таржима қилинса “сайр” маъносини англатади. —​тах.) номи остида бир неча киши иштирокида митинглар ўтказди. SERUEN’нинг мақсади ташкилотчиларнинг фикрича очиқ мулоқот ўтказишдан иборат. Чимкентда июль ойида SERUEN акцияларидан бири ҳибсга олишлар билан якунланди.

XS
SM
MD
LG