Ссылки доступа

Тожикистон ТИВ Россияда 5 ёшли қизча ўлдирилиши иши бўйича суд жараёнини кузатиб турибди


Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Муҳриддин мамлакатнинг Россиядаги элчихонасига беш ёшли тожик қизалоғи Хувайдо Тиллазоданинг ўлдирилиши иши бўйича суд жараёнини диққат билан кузатиб боришни топширди. Тожикистонликлар ижтимоий тармоқларда бу мавзуда ҳукуматни танқид қилмоқда.

Ўтган ҳафтада 5 ёшли Вайдо Тиллазоданинг шафқатсизларча ўлдирилиши бўйича давом этаётган суд жараёнининг эшитувларида айбланувчи Александр Сёминнинг ҳимоячилари эшитувларга қизчанинг отаси Абдусалом Саидов киритилмаслигини, чунки у қизнинг биологик отаси эмаслигини ва шу сабабли ҳам даъвогар сифатида иштирок эта олмаслигини айтишган эди. Абдусалом Саидов эса Хувайдонинг биологик отаси эканини ва ўзида бу борада тасдиқловчи ҳужжат борлигини айтади.

«Жавобгарлар томони шу тариқа суд узоқ давом этишини, Сёминнинг озод қилиниши учун имкониятлар яратилишини исташмоқда», - дейди Саидов.

Москва вилоятидаги Серпухов суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтмоқда – мажлисда фақат адвокатлар ва Хувайдонинг отаси қатнашмоқда.

Тожикистон ТИВ ахборот, таҳлил ва ташқи сиёсатни режалаштириш Департаменти 29 август куни Радио Озодига ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Сирожиддин Муҳриддин ТРнинг Россиядаги элчихонасига суд жараёнини диққат билан кузатиб боришни ва ўлдирилган қизнинг отасига зарур ёрдам кўрсатишни топширганини маълум қилди. Маълум бўлишича, Тожикистоннинг РФдаги элчихонаси Серпухов суди судьясига тожик дипломатларининг суд мажлисида иштирок этишини сўраб расмий мактуб йўллаган.

Айбланаётган томоннинг суд жараёнига қизалоқнинг отаси киритилмаслигига уринаётганидан хабар топган ҳодисага бефарқ бўлмаган тожикистонликлар марҳума Хувайдонинг ота-оналарига ўз ёрдамларини таклиф қила бошладилар. Тожик адвокатлари баёнот бериб, қизнинг отаси кимлигини ойдинлаштириш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун бепул ёрдам беришга тайёр эканликларини айтишди.

Эслатиб ўтамиз, беш ёшли Хувайдо 2018 йил 22 июль куни Москва вилоятидаги Серпухово шаҳридаги уй ҳовлисидан ўғирлаб кетилган эди. Ўша куни унинг отаси дўконга чиққан, онаси эса кичик қизига қараш учун бир неча дақиқа чалғиган эди. Қизалоқни бир неча соат излашди, ҳар бир дарахт тагидан қидиришди. Эртаси куни қизчанинг жасади завод темирйўл тармоғи яқинидан топишди. Қутқарувчилар Хувайдонинг жасади солинган спорт сумкасини топишди. Судмедэкспертиза қизча аввал зўрлангани, сўнг пичоқ билан ўлдирилганини аниқлади.

Жиноятни содир этишда гумонланиб, қизчанинг қўшниси 28-ёшли маҳалий аҳоли вакили Александр Сёмин ушланди. Ёш қизча Хувайдонинг шафқатсизларча ўлдирилиши кўплаб тожикистонликларни даҳшатга солди. Тожикистон томони Россия ТИВга нота юборди ва ҳодиса диққат билан тергов қилинишини сўради.

XS
SM
MD
LG