Ссылки доступа

Диний идора рухсатисиз Ҳажга борганларни ДХХ Тошкент аэропортида сўроқ қилди


Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси рухсатисиз, Дубайдаги ҳусусий ширкатлар орқали Саудия Арабистонига Ҳаж сафарига бориб қайтган 35 нафар ўзбек ватандоши 28 август куни Тошкент аэропортида тўхтатилди.

Тошкент аэропортида тўхтатилиб, сўроқ қилинган ўзбекистонлик ҳожилардан бири ДХХ ходимлари уларни “Ким билан боргансан? Гуруҳ раҳбаринг ким? Қанчадан пул бердинг? У ерда кимлар билан кўришдинг?", каби саволларга тутганини айтди.

- Кеча 28 август куни Дубайдан Тошкентга 16.30 ларда қўндик. Аэропортга келишимиз билан ДХХ ходимлари бизни тўхтатиб, алоҳида хоналарга олиб кириб сўроқ қилди. Сўроқ пайти соқол қўйган Даврон исмли тошкентлик йигит билан ҳам юзлаштиришди. "Бу одамга қанча бергансизлар", деб сўрашди. Аёлларимиздан бири "маҳаллада 30 йилдан бери навбатим келмайди, биз у ерда президентимизни дуо қилиб келдик ахир", деб жанжал кўтарганидан кейин, вазият юмшади. Етти соат ушлаб туриб, ҳаммамизнинг паспортимизни олди. Ички ишлар бўлимларига сўроққа борганларингда оласизлар, деб қўйиб юборишди”, - деди ўзбекистонлик ҳожи.

Ўзбекистонлик мусулмонларнинг Мусулмонлар диний идораси рухсатисиз хусусий ширкатлар орқали Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умра сафарига бориши 2017 йил 7 июнидаги Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси Дин ишлари қўмитасининг "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ тақиқлаб қўйилди.

Ўзбекистондаги Саудия Арабистони элчихонаси ҳам шу низомга мувофиқ Ўзбекистон Мусулмонлар диний идораси руҳсатисиз ўзбек ватандошларига виза беришни тўхтатган.

Аммо, хусусий ширкатлар орқали Ҳаж ва Умрага бормаслик ҳақидаги Низомга қарамай, сўнгги икки йил ичида айрим ўзбек ватандошлари Дубайдаги хусусий сайёҳлик ширкатлари орқали виза олиб Саудия Арабистонига Ҳаж ва Умрага бориб келгани ҳақида Озодлик хабар берган.

Аэропортда тўхтатиб қолинган ҳожилардан бири диний идора йўналиши бўйича Ҳажга бориш қийин ва қиммат эканини айтади.

“Диний идора Ҳажга боришни монополия қилиб олган. Йиллаб кутиб, навбати келмаётганлар бор. Иккинчидан, қиммат, 4 минг АҚШ долларига тушяпти. Дубайда ҳусусий ширкатлар 3 минг доллар таклиф қилишади. Шароитлари диний идораникидан анча яхши”, - дейди ўзбекистонлик ҳожи.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Ҳаж ва Умра сафарларини ташкил этиш бўлими раҳбари Саидакмалхон Шокиров эса ҳожиларнинг Тошкент аэропортида тўхтатилиб, сўроқ қилинганидан хабари йўқлигини айтди. Шокировга кўра, Cаудия Арабистонига ибодат сафарларига ҳусусий ширкатлар орқали бориш ноқонуний ҳисобланади.

Аҳолиси 32 миллиондан ошган Ўзбекистонда Ҳаж квотаси 7200 та қилиб белгиланган.

2017 йилда қабул қилинган Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ҳажга бир борган одам иккинчи марта бормайди.

Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида эса Ҳаж зиёрати учун навбат бир неча йилларга чўзилиши, таниш-билишчилик ва айрим ҳолатларда порахўрлик ҳам кузатилаётгани тилга олинади.

XS
SM
MD
LG