Ссылки доступа

Қизириқлик ўқитувчилар ижара дарсликлар учун маошдан 100 минг сўмдан босиб қолинаётганини иддао қилди


Сурхондарё вилоят, Қизириқ туманидаги бир неча ўрта мактаб ўқитувчилари мактаблар директорлари уларнинг маошларидан ижара дарсликлари учун 100 минг сўмдан босиб қолмоқда.

Шикоят қилган ўқитувчилардан бирига кўра, туман Халқ таълими бўлими мактаблар директорларига бошланаётган ўқув йилида ижара дарсликлар учун пул ўтказиб бериш тўғрисида “ички” топшириқ берган.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги тарқатган хабарга кўра, 2019-2020 ўқув йили учун дарсликлар учун ижара тўлови миқдори ўтган йилларга нисбатан ошган.

“Мактаб директорлари мактаблардаги синф раҳбарларига 2019-йил август ойи иш хақидан 100 минг сўмдан ведемостга қўл қўйиб берасизлар, қўл қўймасаларинг, август иш хақларинг чиқмайди (берилмайди) деб, синф раҳбарларга мактаб раҳбарлари дўқ-пўписа қилиб, қўл қўйдириб оляпти” деди ўқитувчилардан бири.

Ўқитувчиларга кўра, ижара тўловлари ҳақидаги топшириқ туман Халқ таълими бўлими томонидан очиқча берилгани йўқ. Ўқитувчиларга кўра, директорлар ўқитувчилар ойлигидан чегириб олинган миқдор, ота-оналар ижара тўловни амалга оширгач, қайтарилишини билдирганлар.

Қизириқ туман Халқ таълим бўлими мудири Хушмурод Муҳаммадиев ўқитувчилар даъволарини "бўлмаган гап" дея рад этди. "Йўқ, йўқ, йўқ! Ҳеч қандай ундай нарса бўлган эмас. Йиғилишдаям бирон нарса... Ижаранинг нархи келган. Ота-оналарнинг ўзлари тўғридан-тўғри банкга тўлаяпти. Бундай команда берилгани йўқ", деди мулозим.

Халқ таълими вазирлиги мактаб дарсликлари нархининг ошиши китобларни чоп этиш ва етказиб бериш нархларининг ошиши билан боғлиқлигини тушунтиршди.

XS
SM
MD
LG