Ссылки доступа

Тожикистонда 20дан ортиқ маҳбус Вахдат колониясидаги исён иши фигурантлари сифатида кўрилмоқда


Бахтиёр Абдусамадов
Бахтиёр Абдусамадов

Ўтган йилнинг ёзида тўрт нафар хорижлик велосаёҳатчини ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Ҳусейн Абдусаматовнинг акаси Баҳтиёр Абдусамадов Вахдат колониясидаги исён ташкилотчиси ва иштирокчиси сифатида айбланмоқда.

Бироқ унинг қариндошлари Баҳтиёр анчадан бери сил касаллигидан азият чекаётганини ва амалда жисмонан қамоқхонадаги тартибсизликларда иштирок эта олмаслигини айтишмоқда. 38 ёшли Баҳтиёр Абдусамадов 2009 йилдан бери Вахдат колониясида 16 йиллик муддатни ўтамоқда. У жиноят содир этганлик, жиноий тўдада иштирок этганлик ва хорижий фуқороларни Тожикистон чегарасидан ноқонуний кесиб ўтишига ёрдам берганликда айбдор деб топилган. Амнистия натижасида унинг қамоқ муддати 4 йилга камайтирилди.

Бугунги кунда Баҳтиёр Абдусамадов қамоқхонадаги исённи билгани, аммо бу борада қамоқхона маъмуриятини хабардор қилмагани, шунингдек исёнкорлар сафига қўшилганликда айбланмоқда. Расмийлар шу баёнотни беришди ва буни муқобил манбалардан тасдиқлашнинг имкони бўлмади.

Тергов идораларидаги хабардор манбанинг 29 август куни Радио Озодига ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, Баҳтиёр Абдусамадов исённинг бир нечта иштирокчиси билан алоқа ўрнатган ва исён вақтида ўзи ҳам унга бевосита қўшилган.

Унинг айтишича, прокуратура Баҳтиёр Абдусаматов ва 20дан ортиқ маҳбус фигурант бўлган исён иши бўйича терговни якунлади. Умуман олганда ҳукумат исёнга кўплаб маҳбусларнинг алоқаси борлигини маълум қилди, улардан 20дан ортиғи муддатини олиб бўлди. Яқин орада мазкур жиноий иш кўриб чиқиш учун Олий судга юборилади.

Бундан аввал ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар Вахдат ва Хўжанд колонияларидаги исёнлар объектив тергов қилиниши кераклигига чақиришган эди. Жумладан Тожикистонда қийноқлар ва қонунсизликка қарши фуқаро жамиятлари Коалицияси шу йилнинг июнь ойида баёнот тарқатди, унда ҳукумат ходисани диққат билан ва холисона тергов қилиши лозимлиги қайд қилинган. ​

Баҳтиёр Абдусамадовнинг онаси Гулчеҳра Шодмонованинг 29 август куни айтишича, исёндан кейин ўғлини кўрмаган ва шу сабабли ҳам юз берган ҳодиса тафсилотларини билмайди, шу билан бирга ўғлини айбсиз эканлигини таъкидлайди. «Унга нисбатан жиноий иш очилганини эшитдим ва тергов тугамагунга қадар у билан учраша олмас эканман. Унга нисбатан учта модда бўйича айб қўйилган», - дейди суҳбатдош. Унинг айтишича, ўзидаги маълумотларга қараганда исён бошланган оқшомда ўғли қамоқхона шифохонасида бўлган ва шу сабабли ҳам исёнда иштирок эта олмаган.

Шу йилнинг 19 май куни Вахдат колониясида юз берган тартибсизликлар оқибатида 32 киши, жумладан уч нафар колония қўриқчиси ҳалок бўлди. Ҳукумат ўша заҳотиёқ ўлганлар исмини эълон қилди, аммо исённи уюштирган ва иштирок этганликда айбланганларнинг исмини ошкор қилмади.

XS
SM
MD
LG