Ссылки доступа

Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи сенат спикери этиб қайта сайланди


Қозоғистон собиқ президенти Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоева парламент юқори палатаси Сенат раиси лавозимига қайта сайланди.

Ахборот агентликларининг хабар қилишларича, президент Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан илгари сурилган Назарбоеванинг номзоди учун кўпчилик депутатлар овоз берди.

Назарбоева спикер лавозимини аввалги парламент сессиясидан бери эгаллаб келади. Овоз бериш 12 август куни Тоқаев собиқ президентнинг қизини сенат депутати этиб тайинлагани билан боғлиқ: шу тариқа 2016 йилда отаси президентлиги вақтида сенатор этиб тайинланган Дариға Назарбоеванинг мандати – унинг депутатлик ваколатлари тугашидан уч йил аввал “қайта ишга туширилди”. Конституцияга кўра, сенат депутатларининг ваколати олти йил.

56 ёшли Дариға Назарбоева бундан аввал мажилис раисининг ўринбосари ва бош вазир ўринбосари лавозимларида ишлаган. Унинг сиёсий карьерасида беш йиллик танаффус бор, шу вақт мобайнида у сиёсий саҳнада кўринмай қолди. У 2007 йилда бир қатор жиноятлар, жумладан одамларни ўғирлаш ва кейин ўлдириш ва ҳатто давлат тўнтаришига урунишда айбланган турмуш ўртоғи Роҳат Алиев билан боғлиқ ҳодисалар туфайли оммага кўриниш бермади (Алиев 2015 йилда Австрия қамоқхонасида ўлик ҳолда топилди). 2012 йилда Назарбоевнинг катта қизи президентнинг «Нур Отан» партияси рўйхати бўйича парламент Мажлисига аъзо бўлди ва ижтимоий-маданий ривожланиш қўмитасини бошқарди. 2014 йил апрелида мажилис депутатлари Дариға Назарбоевани бир овоздан парламент қуйипалатаси раисининг ўринбосари этиб сайладилар. 2015 йил сентябрида Дариға Назарбоева бош вазир ўринбосари этиб тайинланди. Бир йил ўтиб у сенат депутати бўлди.

Отаси президентлик ваколатларини ўзидан соқит қилган куни Назарбоева парламент палатасига бошчилик қила бошлади – чунки сенат раиси бўлмиш Қасим-Жомарт Тоқаев президент вазифасига киришган эди. 79 ёшли Назарбоев ўз қўлида чекланмаган ҳокимиятни ушлаб турибди, у Хавфсизлик кенгашининг умрбод раиси ҳисобланади ва мамлакат сиёсий саҳнасида етакчилик қиладиган партияни бошқаради. Қозоғистон қонунлари унга ва унинг оиласига умрбод ҳар қандай таъқиблардан иммунитетни кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG