Ссылки доступа

ИИВ: тожик мигрантига ҳужумда Россиядаги скинхедларнинг қўли бор


Рамазон Раҳимзода
Рамазон Раҳимзода

Тожикистон ИИВ раҳбари Рамазон Раҳимзода ўзининг россиялик ҳамкасби Владимир Колокольцевга юборган телеграммасида тожикистонлик муҳожирни шафқатсизларча калтаклаганлар топилиб жазога тортилишини сўрайди.

Меҳнат муҳожирининг шафқатсизларча калтаклангани борасидаги видео бир неча кун аввал тармоқда пайдо бўлди.

Тожикистон ИИВ матбуот хизматининг 2 сентябрь куни хабар беришича, 30 август куни Интернетда видео тарқатилганидан кейин телеграмма жўнатилган. Ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари бу ҳодисага Тожикистон расмийларининг бефарқлигига шаъма қилиб ўтишди. Мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораси муҳожирга қилинган ҳужумни “шафқатсиз” дея атади ва бу ишда “россиялик скинхедлар (тақирбошлар)нинг қўли борлиги» ҳақида баёнот берди.

Манбанинг сўзларига қараганда, Рамазон Раҳимзода Колокольцевдан «мазкур жиноятни зудлик билан очиш, жиноятчиларни жавобгарликка тортиш ва маъшум жиноят терговини назоратга олишни» сўраган.

ИИВнинг хабар қилишича, Тожикистон муассасаларининг Россиядаги тегишли тузилмаларига терговни назорат қилиб бориш ва жиноятни очишга ёрдам беришлари топширилди.

Видеоёзув ижтимоий тармоқларда 30 август куни пайдо бўлди, аммо мудҳиш жиноят қачон ва Россиянинг қайси минтақасида юз бергани ноаниқлигича қолмоқда. Шунингдек кийими қонга ботган ва ўзи оғриқдан азобланаётган муҳожирнинг тақдири ҳам номаълумлигича қолмоқда. Ҳужум қилганлар уни “тожик” деб аташган ва бу инсонни “юртида қолмай Россияга келгани учун” ўласи қилиб калтаклашган.

Видеода ҳужум қилганлар ўзларининг юзларини ниқоб билан яширишган, жиноят содир этилган жой ҳақида ҳам маълумот берилмаган. Видеода жиноятчилардан бирининг ерда ётган эркакка қарата “миллатинг кимлигини яна бир бор қайтар” деган сўзлари эшитилиб турибди. Бироқ жабрдийда қўллари билан юзини беркитгани ва оғриқдан азобланаётгани акс этган холос.

Россия томони ҳозирча мазкур видео юзасидан бирор бир баёнот бермади, Россия ОАВ ҳам бу жиноят ҳақида хабар тарқатмади. Ўтган йили Россиядан 966 нафар тожик мигрантининг жасади олиб келинди. Тожикистон инсон хуқуқлари бўйича вакилининг маълумотига кўра “уларнинг 30 нафари ўлдирилган”.

XS
SM
MD
LG