Ссылки доступа

Тожикистонда шоир Айнийнинг илгари чоп этилмаган шеърлари топилди (видео)


Тадқиқотчилар тожик совет адабиёти асосчиси Садриддин Айнийнинг шахсий архивидан илгари чоп этилмаган 30 дан зиёд шеърларини топишган. Шеър кўринишидаги асарларнинг аксарият қисми сиёсий ва диний мавзуларда ёзилган, советлар даврида уларга таъқиқ қўйилган.

Садриддин Айний ижодининг тадқиқотчиси Абдухолик Набавининг 30 август куни Озодлик радиосига айтишича, бу йили улар Айний асарлари тўпламининг иккинчи нашрини чоп этиш учун ёзувчи архивини қайта кўриб чиқишга қарор қилишган эди.

Унга кўра, Айнийнинг машҳур романлари қўлёзма матнлари билан бир қаторда аввал унинг 8 томли асарлари тўпламига кирмай қолган қасида (шарқ адабиётидаги поэзия жанри) ва байтлар топилган.

«Ўтмишда исломпараст бўлган Айний, келгуси ижодида ҳам исломий қадриятларни ҳимоя қилган. Ҳатто XIX асрнинг 80-йилларидан 1904 йилгача бўлган даврдаги воқеаларни қамраб олган ўзининг “Эсдаликлар” китобида уни 75 дарра калтаклашганида ўлим яқинлашаётганини ҳис қилиб, ҳар бир эътиқодли мусулмон ўлмми олдидан қайтарадиган “шаходат” калимасини беихтиёр ўқиб юборганини ёзади. Бироқ советлар даврида ёзувчи ижодида ўзини цензура қилиш ҳисси устунлик қилади ва у ўз асарларининг бир қисмини чоп этмасликка қарор қилади», - дейди суҳбатдош.

«Садриддин Айний фақат форсийда ёзган, аммо унинг айрим роман ва шеърлари форс ёзувидаги ўзбек тилида ёзилган», - дейди ёзувчининг топилган қўлёзма матнларини тераётган Абдухолик Набави.

Тожикистон Фанлар Академиясининг тил ва адабиёт институти илмий тадқиқотчиси Мубашшир Акбарзоднинг хабар қилишича, яқин вақтларда Садриддин Айнийнинг 22 томдан иборат асарларининг иккинчи нашри дунё юзини кўради. Унинг аввал чоп этилмаган асарларини топиш учун бир гуруҳ тадқиқотчилар Садриддин Айнийнинг шахсий архивига юборилган.

«Биз ҳатто Айнийнинг чоп этилган шеърларини унинг қўлёзмалари билан таққосладик, кўплаб тафовутларни аниқладик, шунинг учун янги тўпламга ёзувчининг оригиналдаги асарлари киритилади. Айтиш керакки, кллассик поэзиянинг поэтик услубига амал қилган Садриддин Айний шеърлари орасида маъшуқага эмас, севимли кишига бағинланган сатрлар топилди. Бу классик поэзиядаги машҳур усул», - дейди суҳбатдош.

Садриддин Айний 1878 йилнинг 15 апрелида Бухорода туғилган. Унинг ҳаёт йўли 76 ёшида, 1954 йилнинг 15 июлида интиҳо топди. У тожик совет адабиётининг асосчиси бўлган ва унинг шарафига туман ва кўчалар номи берилган. 1998 йилнинг 8 сентябрида мамлакат президенти фармонига кўра Садрииддий Айнийга Тожикистон Қаҳрамони унвони берилган. Кузатувчилар фикрича, Айний Бухорода совет ҳокимияти ўрнатилишида фаол иштирок этган, пантуркистлар билан баҳсларда алоҳида тожик миллати, унинг тарихи ва маданияти мавжудлигини исботлаган.

XS
SM
MD
LG