Ссылки доступа

Forbes: Қозоғистонлик ун ишлаб чиқарувчилар бизнесини Ўзбекистонга кўчирмоқда


Қозоғистоннинг бир нечта ун ишлаб чиқарувчи ширкатлари ўз фаолиятни Ўзбекистонга кўчирди. Бу ҳақда 7 сентябрь куни “Forbes Казахстан” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, қозоқ ширкатлари Ўзбекистонда фаолият юритиш шароити Қозоғистондагига қараганда фойдалироқ эканидан келиб чиқиб, мана шундай қарорга келганлар.

“Forbes Казахстан”га интервью берган Қарағандадаги “Мутлу” ун ишлаб чиқариш ширкати директори Дос-Мукасан Таукебаев Қозоғистонда ун ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали дастурлар йўқ эканини айтган.

Унга кўра, ҳукумат ишлаб чиқарувчиларни темир йўл вагонлари билан узлуксиз таъминлаш, электр энергияси нархини арзонлатиш талабига бефарқ муносабатда бўлаётгани учун тадбиркорлар ўз корхоналарини Ўзбекистонга кўчирмоқда.

- Ўзбекистонда ун ишлаб чиқарувчи ширкатларни президент 5 йилга солиқларнинг кўплаб турларидан озод қилган. Бизда кредитлар бўйича ўртача фоиз 14 бўлса, Ўзбекистонда 15 йилгача 4 фоиз устама билан кредит берилади. Қозоғистонда бир киловатт электр энергияси 20 тенге, Ўзбекистонда эса 10 тенге. Бундан ташқари Ўзбекистонда ишчи кучи ҳам Қозоғистонга қараганда икки баробарга арзон,-деб айтган Дос-Мукасан Таукебаев.

“Маълумки, Қозоғистон 2007-2010 йилларда ун экспорт қилиш бўйича жаҳонда лидер эди. Кейин турли сабаблар ортидан биринчиликни Туркияга бой берди. Энди вазият шунга қараб кетмоқдаки, Ўзбекистон бизнинг мамлакатимизни иккинчи ўриндан ҳам сиқиб чиқаради. Бу иш жорий мавсумда амалга ошиши мумкин”, деб хулоса қилади “Forbes Казахстан”.

XS
SM
MD
LG