Ссылки доступа

Тожикистонда “Париж бурчаги” очилди


Тожикистоннинг Кулоб шаҳрида “Париж бурчаги” бўлган 5 гектарлик янги парк очилди – у ерга 30 метрлик Эйфел минорасининг нусхаси ўрнатилди. Паркда, шунингдек, Лувр эҳромининг нусхаси ҳам пайдо бўлди, унинг атрофида француз стилида қурилган қаҳвахона ва дўкон бинолари жойлашган.

Паркни ободонлаштириш ишларига 4 миллион доллар сарфланди. "Париж бурчаги" давлатга тегишли ТАЛКО альюмин компанияси маблағлари ҳисобига қурилди. Парк расман келаси ҳафтада мамлакатпрезиденти Эмомали Раҳмон томонидан очилади.

Айрим маҳаллий аҳоли вакилларининг фикрича, паркка пул сарфлашнинг ҳожати йўқ эди. "Мен шаҳарнинг ободонлаштирилишига қарши эмасман, аммо бу каби катта маблағларни корхона қуришга ва янги иш ўринларини яратишга сарфлаш мумкин эди", – дейди Кулобда яшовчи маҳаллий аҳоли вакили Худойдоди Ислом.

Аммо Кулобда яшовчи Мижгона Расулзода парк қурилишидан миннадор. "Ҳаётимда Парижни мутлоқо кўрмасман, шу сабабли она шаҳримда ажойиб шаҳарнинг нусхасини кўриб турганимдан бахтлиман. Бу менинг орзуим эди", – дейди аёл.

Кулоблик журналист Аҳмади Иброҳимнинг айтишича, Тожикистон хорижлик сайёҳларни жалб қилишга интилмоқда, шу каби паркларнинг ташкил этилиши хорижлик сайёҳларнинг диққатини тортмайди. Унинг сўзларига кўра, ажнабий сайёҳлардан ҳеч ким Эйфел минорасининг нусхасини кўриш учун Кулобга келмайди.

Кулоб – аҳолиси 200 минг кишидан кўпроқ бўлган катталиги жиҳатдан Тожикистондаги учинчи шаҳардир.

XS
SM
MD
LG