Ссылки доступа

Қозоғистон ҳукумати кредит бўйича қарзларни узиш борасида қўшимча рўйхат тузмоқда


Қозоғистонда мураккаб вазиятга тушиб қолган фуқаролар ва ҳукумат кредитларини узиш борасида мажбурият олган фуқароларнинг қўшимча рўйхати тузилади. Бу ҳақда 9 сентябр душанба куни бўлиб ўтган брифингда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари Светлана Жакупова маълум қилди.

Кредитларни узиш бўйича бешта категорияга мансуб фуқаролар даъвогарлик қилишлари мумкин: боқувчисини йўқотганлиги борасида нафақа олувчи оилалар; ногирон болалари бўлган оилалар; болаликдан ногиронлиги бўлган 18 ёшдан катта фарзандни тарбиялаётган оилалар; манзилли ижтимоий ёрдам олаётган ва 29 ёшгача бўлган ғирт етимлар, вояга етгунга қадар ота-онасиз қолган етимлар.

Бу одамлар умумий қиймати уч миллион тенгедан ортиқ бўлмаган истеъмол кредитлари ва 300 минг тенгедан ортиқ бўлмаган қарздор бўлиши керак. Светлана Жакупованинг айтишича, меҳнат вазирлиги мазкур бешта категорияга кирувчи 2 миллион 289 минг кишини ҳисобга олган.

– Шулардан тахминан 507 минг киши узилган кредит олган, - дея қўшимча қилади вазир ўринбосари.

Миллий банк раисининг ўринбосари Олег Смоляковнинг маълумотига қараганда, 5 сентябрь куни давлат банк ва микрокредит ташкилотларига105 миллиард тенгедан кўпроқ тўлаган. "Шу билан бирга 263 525 фуқаронинг, бу банк ва микрокредит ташкилотларига қарздор бўлган қозоғистонликларнинг 52 фоизи, қарзи тўлалигича тўлаб берилди. Умумий ҳисобда барча қарздорларнинг 98,4 фоизи давлат томонидан қўллаб-қувватланди", - дейди у.

Айрим қозоғистонликлар давлат идоралари базасида долзарб маълумотлар йўқлиги туфайли кредитларни узувчилар рўйхатига киритилмади.

– Биринчидан, бу фуқаролар ҳолатини қайд қилиш бўлимлари базасида етарлича маълумотлар йўқлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу каби вазиятда биз мазкур фуқаролар ҳақида маълумотларни регистрация қилиш учун Адлия вазирлигига юборамиз.Иккинчи сабаби– Фуқаролар ҳолатини қайд қилиш бўлимлари базасида никох борасида ёзувнинг йўқлигида. Агар кўп болали оилаларда олий ўқув юртларида таълим олаётган вояга етган болалар бўлиб, бироқ бу ҳақда маълумот бўлмаса, у ҳолда бу оилалар ҳам рўйхатга кирмаган. Бундай вазиятда биз Таълим вазирлигини хабардор қиламиз. Биз қўшимча рўйхатни тўлиқ шакллантириш учун тўғри маълумотларни киритамиз, - деди меҳнат вазирининг ўринбосари.

Олег Смоляков эса ўз сўзида, кредитларни узиш акциясида иштирок этган қозоғистонликлар келажакда банклардан яна кредит олишлари мумкинлигини айтди. "Қора рўйхат йўқ. Жисмоний шахсларнинг қарзлари учинчи шахс томонидан узилмоқда. Бу ёмон омил эмас. Бу бетараф ахборот, бу келажакда фуқароларнинг кредит олишларига салбий таъсир кўрсатмайди", - дейди у.

Июнь ойида Қозоғистон президенти Қасым-Жомарт Тоқаев ижтимоий заиф қатламга кирувчи қарздорларнинг истеъмол кредитларини узиш борасидаги фармонни имзолади. Бу Остонадаги ёнғинда бир оиланинг беш нафар қизчаси ҳалок бўлганидан кейин кўп болали оналарнинг давом этаётган норозилик намойишлари фонида юз берди.

Норозилик чиқишлари Қозоғистоннинг минтақаларини қамраб олди, юзлаб аёллар давлат нафақалари оширилишини, турар-жой муаммоси ҳал этилишини, кўп болали оилаларга имтиёзлар берилишини талаб қилдилар.​ Ҳукумат айрим талабларга ён босди: манзилли ижтимоий ёрдам оширилди, имтиёзли ипотека дастури ишлаб чиқилди, истеъмол кредитларини қисман узиш эълон қилинди, муҳтожларга ижара турар-жойлари қурилиши ваъда қилинди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг маълуотига қараганда, май ойида манзилли ёрдам 860 минг нафар қозоғистонликка берилди, бу мамлакат аҳолисининг 5 фоиздан сал камроғи демакдир.

XS
SM
MD
LG