Ссылки доступа

Туркманбошидаги нефтни қайта ишловчи завод ходимлари ўз ҳисобларидан таътилга чиқарилди


Радио Азатлық мухбирларнинг хабарларига қараганда, Туркманбоши нефтни қайта ишловчи завод комплексида олти ойдан бери ишлар тўхтаб қолган.

«Заводнинг 500га яқин ходими ўз ҳисобларидан таътилга чиқарилди. Капитал таъмирлаш учун заводга хорижий инвестиция зарур, чунки Туркманистоннинг ўзида зарур жиҳозларни харид қилиш учун маблағлар йўқ. Шу сабабли заводдаги ишлар вақтинча тўхтатилди», - дея 9 сентябр куни хабар беради Радио Азатлықнинг Болқон вилоятидаги мухбири.

Унинг айтишича, айни дамда заводда 20га яқин қоровул ва фаррошлар қолган. «Бу ходимлар ҳам октябрдан бошлаб ўз ҳисобларидлан таътилга чиқарилади», - дейди мухбир.

Туркманистон Нефтгаз мажмуаси электрон газетасининг хабарига кўра, Туркманбоши нефтни қайта ишловчи завод комплекси Туркманистондаги нефтни қайта ишлаш саноатда етакчи корхоналардан бири ҳисобланади, унинг ҳиссасига мамлакатда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг чорак қисми тўғри келади.

Таъкидланишича, мазкур корхонада «ноэтил автобензин, авиация ва техник керосин, реактив ва дизель ёқилғи, мазут, мойлар, полипропилен, ёқилғи, енгил газойль, нефть электрод кокси, суюлтирилган газ, қурилиш ва йўл битумлари ва мамлакат экспортининг асосини ташкил қилувчи бошқа нефткимё маҳсулотлари» ишлаб чиқарилади.

Радио Азатлық мухбиларининг корхонанинг фаолияти нима сабабдан тўхтаб қолгани борасида Туркманбоши нефтни қайта ишловчи завод комплекси администрациясига қилган мурожаатлари самара бермади.

Туркманистондаги етакчи нефтни қайта ишловчи корхона фаолиятининг тўхтатилгани борасидаги хабар унинг раҳбари ишдан бўшатилгани, Америка компаниясининг Туркманбоши нефтни қайта ишловчи завод мажмуасининг ишини такомиллаштириши борасида тарқатилган расмий хабарга, шунингдек мамлакатдаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин тақчилиги кузатилаётгани борасида тарқатилган хабарлар билан бир вақтга тўғри келиб қолди.

XS
SM
MD
LG