Ссылки доступа

Тожикистонда муддатли хизмат аскари жиддий яраланди, у “дадахўжа”лик қурбонига айланди


Тожикистон чегара қўшинларининг 23 ёшли аскари Қурбонали Хакимов “дадахўжа”лик қурбонига айланди: ўзидан катта ҳарбий хизматчи кроватнинг метал парчаси билан уни урди ва пешонасини ёрди.

Хакимов армияга 2018 йилнинг ноябрида чақирилган ва Лахш (собиқ Жирғатол) туманида жойлашган чегара қўшинларига тегишли ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилаётган эди.

Бизнинг ҳодисани аниқлаштириш борасида Чегара қўшинлари бош бошқармаси ва бош ҳарбий прокуратурага қилган мурожаатларимиз зое кетди. Чегара қўшинлари Бош бошқармаси матбуот хизмати расмий сўровнома юбориш лозимлигини тавсия қилди.

Қурбонали Хакимовнинг айтишича, ҳарбий прокуратура ходимлари уни калтаклаган ҳарбий хизматчига нисбатан жиноий иш очилганини ва тергов тугамаганини маълум қилган.

Жабрдийданинг ўзи уч ҳафтадан бери Душанбедаги Миллий тиббиёт маркази (Караболо)да даволанмоқда. Шифокорларнинг 10 сентябр куни Радио Озодига маълум қилишларича, аскар оғир жароҳати туфайли шифохонага ётқизилган – унинг пешонаси суяги синган, мия контузиясини олган, ҳамда бошидан қон кетган.

Ҳодиса шу йилнинг 20 август куни Қурбонали ўзаро жанжаллашаётган икки аскарни ажратаётган бир вақтда юз берди. Бироқ аскарлардан бири кроватнинг металл парчасини олган ва ёш аскарнинг бошига туширган.

«Абдуманнон Гулмуродов этигини йўқотиб қўйган ва уни топишни ёш аскарга буюрган. У буйруқни бажармади ва шундан кейин муштлашув бошланиб кетди. Мен уларни ажратмоқчи эдим, кутилмаганда Абдуманнон мени кроватнинг металл трубаси билан урди. Бошқа ҳеч нарсани эслай олмайман. Шифохона палатасида ўзимга келдим», -дейди аскар.

Ҳодисадан кейин уч ҳафта ўтди, ҳамон жабрдийданинг пешонасидаги яралар битмаган. Миллий тиббиёт маркази шифокори Нурали Қурбоновнинг айтишича, биринчи куни беморнинг аҳволи ниҳоятда оғир эди, ҳозир аҳволи яхши. Унинг сўзларига қараганда, пешонасидаги суяк операция қилинди, ҳозир аскар шифокорлар назоратида.

Октябрда Тожикистон армиясига навбатдаги чақирув бошланади. Ҳуқуқ ҳимоячилари “дадахўжа”лик бўйича кўплаб шикоятларга қарамай бу муаммо ўта долзарблигича қолаётганини таъкидлашади. Қийноқлар ва жазосизликка қарши фуқаролик жамияти Коалицияси маълумотларига қараганда, 2014 йилдан 2016 йилга қадар 59 нафар аскарга нисбатан қўпол муносабатда бўлинган, 11 нафар аскар эса армиядаги қийноқлар ва калтаклар оқибатида вафот этди.

XS
SM
MD
LG