Ссылки доступа

Ўзбекистоннинг "Буюк келажагини" 10 эксперт тарк этди


"Буюк келажак" халқаро нодавлат-нотижорат ташкилоти Экспертлар кенгашининг 10 аъзоси кенгашни тарк этганини эълон қилди. Улар ўз қарорини ўзларига нисбатан ҳурматсизлик қилиниб келгани билан изоҳлади.

"Буюк Келажак" ташкилоти муассисларидан бири экспертларнинг қарорини “ташкилотнинг ички иши" деб изоҳлади.

2018 йилнинг майида ташкил этилган "Буюк Келажак" халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти Экспертлар кенгашини 10 эксперт тарк этгани ҳақда кенгашни тарк этганлардан бири Дилмурод Юсупов ўзининг Facebook саҳифасида хабар берди:

"Буюк Келажак" халқаро нодавлат–нотижорат ташкилоти ташкил этилганда биз Ўзбекистондаги ислоҳотларга ўз ҳиссамизни қўшишимиз учун имкон яратилганидан хурсанд бўлгандик. Биз барчамиз Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш концепциясини яратиш бўйича бир қатор лойиҳаларда иштирок этдик, ишлаб чиқдик, Биз «Buyuk Кelajak» халқаро нодавлат-нотижорат ташкилотининг (ХННТ) иккита форумида ва бошқа кўплаб тадбирларда онлайн равишда ва шахсан иштирок этдик. Минг афсус билан ташкилот ичидаги айрим сабабларга кўра, биз мазкур ташкилот доирасидан чиқамиз, аммо мамлакат тараққиёти учун ўз ҳиссамизни қўшишда давом этамиз”.

“Буюк Келажакни” тарк этганлар орасида Дилмурод Юсуповдан ташқари турли соҳа экспертлари Беҳзод Ҳошимов, Зайнаб Муҳаммад-Дўст, Қаҳрамон Носиров, Нодир Нуритдинов, Баҳром Ражабов, Тоштемир Ҳайдаров, Умид Обилхўжаев, Ҳасан Ражаббоев ва Шукуржон Назаровлар бор.

"Буюк Келажак" таъсисчиси тузилма иш олиб бораётган Ўзбекистон Республикасининг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш модели лойиҳасини топшириш арафасида эканини ҳам билдирди.

Чиқишини эълон қилган экспертлардан бирининг айтишича, ёш мутахассисларнинг норозилигига қатор сабаблар мавжуд. Исмини маълум важларга кўра сир сақлашни сўраган норозилардан бири бундай деди:

- "Буюк Келажак"да қатор дўстларимизга нисбатан беҳурматлик ҳолатлари бўлгани, давлат тили ва Ғалаба куни муносабати билан бўлган провокациялар, ташкилот кенгашининг тарқатилиши ва янги экспертларнинг ташкилотга киритилишида йўл қўйилган ўзбошимчалик бир гуруҳ фикрдошларнинг ташкилотдан чиқиб кетишига сабаб бўлди.

"Буюк Келажак" расмий сайтида Экспертлар кенгашининг асосий мақсадлари қаторида Ўзбекистон президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашиш экани белгиланганини кўриш мумкин.

"Буюк Келажак" Экспертлар кенгашига ушбу мақсадларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли ривожланиш моделини тайёрлаш топширилгани ҳам айтилади.

Бу ташкилотнинг асосий ҳомийлари қаторида Фаттоҳ Шодиев Халқаро жамғармаси кўрилади.

XS
SM
MD
LG