Ссылки доступа

RAEX Europe:Ўзбекистон олган қарзини қайтара оладиган даражага чиқди


RAEX Europe рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг миллий ва хорижий валюталарда қарз тўлашга қодирлик рейтингини “BB-” даражасида қолдирди. “BB-” даражаси ўрта даража бўлиб, у мамлакат ўз қарзларини тўлай олишга қодир эканлигини кўрсатади.

Жорий йилнинг мартида агентлик Ўзбекистон рейтингини “B+” дан “BB-”га, яъни ўрта паст меъёрдан етарли даражага оширган эди.

Рейтинг тасдиқланишига бир неча сабаб кўрсатилган бўлиб, улар орасида юқори иқтисодий ўсиш, барқарор молиявий вазият, давлат қарзининг пастлиги ҳамда бюджет ва пул-кредит сиёсатини бошқаришнинг шаффофлиги ва сифати ошгани айтиб ўтилган. Шунингдек, рейтинг сақлаб қолинишига банк секторининг тез суръатда ўсиб бораётгани ҳам сабаб бўлган.

RAEX Europe мутахассислари фикрига кўра, Ўзбекистон рейтингининг янада кўтарилишига ишсизликнинг юқори даражаси, молиявий ташкилотларнинг секин ривожланаётгани, чуқур илдиз отган коррупция ҳамда киши бошига тўғри келадиган ЯИМнинг пастлиги халал бермоқда.

Бундан ташқари, агентлик ҳисоботида юқори инфляция ва валюта курсининг ўзгарувчанлиги кредит қобилиятига салбий таъсир кўрсатаётгани айтилади. Қолаверса, ҳисоботда банкларга кредит беришдаги кучли сегментация, молиявий долларлаштириш даражасининг юқорилиги, ички капитал бозорларининг ривожланмаганлиги ҳамда чекланган пул-кредит сиёсати каби муаммолар мавжудлиги ҳам айтиб ўтилган.

Агентлик ҳисобларига кўра, 2019 йил якунига қадар Ўзбекистон ЯИМнинг ўсиши 5,5-6 фоизни ташкил қилади.

Фаол қарз олиш сиёсати фонида қарз даражаси ва тўлаш шартлари мақбул даражада қолмоқда. Агентлик мутахассислари фикрига кўра, бюджет тақчиллиги ҳам бошқариш мумкин бўлган даражада қолмоқда. Аммо глобал иқтисодий сустлашиш фонида қишлоқ хўжалигида беқарорлик кузатилиши ва экспорт кўламининг камайиши хавфи бор.

RAEX Europe агентлигига кўра, Ўзбекистондаги молиявий хатарлар давлатнинг иқтисодиётнинг асосий тармоқларига ва банк секторига кенг кўламли аралашуви билан боғлиқдир. “Давлат корхоналари суст рақобат шароитида ишламоқда ва уларга кўпгина давлат имтиёзлари берилган. Бу эса янги иқтисодий режимга ўтишда самарадорликнинг пасайишига ва зарарлиликнинг ошишига олиб келиши мумкин”, дейилади ҳисоботда.

Агентлик 2019 йилда йиллик инфляция Ўзбекистон Марказий банкининг прогноз кўрсаткичларидан 13,5-15,5% кўпроқ бўлишини кутмоқда. Бунга кутилаётган инфляция даражасининг юқори эканлиги, ички талаб ўсаётгани ҳамда энергия нархларининг эркинлаштирилгани сабаб ўлароқ кўрсатилган.

RAEX Europe экспертлари фикрига кўра, бу йил жорий ҳисоб дефицити ўтган йилги даражада сақлаб қолинади (2018 йилда бу кўрсаткич 7,1 фоизни ташкил қилган), чунки модернизацияга ётқизилаётган сармоялар туфайли импорт ўсишда давом этмоқда. Умумий экспортнинг 80 фоизини ташкил этувчи хом ашёлар (хусусан, уларнинг ярмини ташкил этувчи олтин ва табиий газ) экспорти эса импортга солиштирганда ортда қолмоқда.

Аммо агентлик Ўзбекистон ташқи позициясининг ёмонлашиши хавфини ташқи қарз мақбул даражада эканлиги ҳамда мамлакатнинг халқаро захиралари кўплиги компенсация қилмоқда, деб ҳисоблайди. 2019 йилнинг августида Ўзбекистоннинг халқаро резервлари 27 миллиард долларни ташкил қилди. Бу эса 13 импорт ойи учун етарлидир.

XS
SM
MD
LG