Ссылки доступа

Тожикистон ўғит ишлаб чиқаришни йўлга қўя олмаган Хитой компанияси билан шартномани бузди


Тожикистон Хатлон вилоятидаги Левакандда «Азот» корхонаси (собиқ Вахш азотли ўғит заводи)ни ишга туширмоқчи бўлган Хитойнинг «Хэнань Чжун-Я Холдинговая Группа» компанияси билан шартномани бир томонлама бузди.

Бу борада Тожикистон ҳукуматининг 434 сонли фармойиши эълон қилинди. Расмийларнинг таъкидашича, Хитой компанияси имзолаган шартнома талабларини бажармаган ва ишлаб чиқаришни белгиланган муддатда ишга туширмаган. Хитой томони бу масала бўйича расман баёнот бермади, аммо аввалроқ Пекин “аниқ далилларсиз ишни чўзаётган” «Хэнань» шаънига танқидий фикрларни билдирган эди.

Марказиёй Осиёда минерал ўғит ишлаб чиқарувчи етакчи бўлган “Азот” корхонаси раҳбари Идимат Абдуллоевнинг 11 сентябр куни Радио Озодига айтишича, шартнома бўйича хитойликлар корхонани икки босқичда ишга тушириши керак эди. «Корхонага икки марта бош вазир келиб кечикиш сабаблари билан қизиқди. Маълум бўлишича компания Хитойдан пул ўтказа олмаган. Мана шу шартнома бекор қилиниши сабабларидан бири», -дейди Абдуллоев.

2016 йилнинг ноябрида корхонанинг реконструкцияси ва модернизациясининг иккинчи даврининг бошланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, корхона Хитойнинг «Хэнань Чжун-Я Холдинговая Группа» компанияси билан имзоланган икки томонлама шартнома асосида тожик-хитой «Нурихои Осиё» қўшма корхонасига айлантирилди. Шартномага биноан қуввати 120 минг тонна аммиак ва 200 минг тонна карбамид ишлаб чиқаришга мўлжалланган модернизациялашган корхонанинг биринчи навбати бир ярим йилдан кейин ишга туширилиши керак эди. Бироқ шартнома бажарилмади. Орадан уч йил ўтиб қуввати 300 минг тонна аммиак ва 500 минг тонна карбамид ишлаб чиқарувчи корхонанинг иккинчи навбати ишга тушиши керак эди.

2016 йил ноябрида Тожикистон хукумати ва Хитойнинг «Хэнань Чжун- Я Холдинговая Группа» компанияси ўртасида имзоланган шартномага биноан минерал ўғитлар ишлаб чиқаришдан яқин олти йил давомида кўрилган фойда қуйидагича тақсимланиши керак эди: 70% Хитой томонига ва 30% тожик томонига.

Хитой компанияси 2016 йилда ўзбек табиий гази йўқлиги боис корхонани кўмирга ўтқазмоқчи эди. Бугунги кунда бунга эҳтиёж йўқ, чунки тожик-ўзбек муносабатлари илиқлашгани туфайли ўзбек “мовий ёқилғиси”ни импортига имконият яратилди. Айни дамда Тожикистон Ўзбекистондан газ олмоқда, аммо завод Явандан Левакандагача бўлган масофада қувур бузилгани боис “мовий ёқилғи”ни ололмаяпти.

Идимат Абдуллоевнинг сўзларига қараганда, газ қувурини реконструкция қилиш масаласи ҳозирча ҳал қилинмаган. Бироқ ўзидаги маълумотларга қараганда бу масала хукумат томонидан муҳокама қилинаётганини айтди.

«ТаджикАзот» корхонси 11 йилдан бери ишламасдан турибди ва қишлоқ хўжалиги мамлакати бўлмиш Тожикистон минерал ўғитларни юқори нархларда хориждан сотиб олишга мажбур бўлмоқда. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда Тожикистон ҳар йили Россия ва Ўзбекистондан 70 миллион долларлик аммиак ва карбамид харид қилади.

Вахш азот-ўғит заводи 1967 йилда қурилган ва бутун минтақани минерал ўғитлар билан таъминларди. Корхонанинг фаолияти фуқаролар уруши даврида тўҳтаб қолди. 2001 йилда украиналик олигарх Дмитрий Фирташ МДХдаги айрим кимёвий заводларни, жумладан «ТаджикАзот» АЖни сотиб олди. Унинг базасида Қўшма корхона ташкил этилди, Фирташ унинг акцияларининг75% га эгалик қилди, Тожикистон хукуматига 20% қолдирилди ва 5% ТР собиқ саноат вазирининг ўғли, кейинчалик хукм қилинган Зайд Саидов номига расмийлаштирилди.

2014 йилда Тожикистон хукумати бу корхонани давлат ихтиёрига ўтказди. Фирташнинг Group of DF компанияси шартнома имзоланганидан 12 йил ўтиб хусусийлаштириш тартибларини бажармаганликда айбланди. Шунингдек Тожикистон ҳукуматининг розилигисиз корхона мулкини қисман сотганликда, 2 млн. доллар миқдорида солиқ тўламаганликда айбланди.

XS
SM
MD
LG