Ссылки доступа

Собиқ Чкаловнинг самолёт қурган усталарига қурилишда ғишт ташитилаяпти


"Ўзбекистон Темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли "Тошкент механика заводи" (собиқ Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси) ишчилари пойтахтдаги янги халқаро аэропорт, ер усти метроси қурилишларига сафарбар этилди.

"Тошкент механика заводи" масъулларидан бири завод ишчилари "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ амалга ошираётган қурилиш ишларига кўнгилли равишда жўнатилаётганини айтди.

Завод ишчилари ишдан ҳайдалиш ҳақидаги тахдидлар билан ўз касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган қурилиш ишларига ҳар куни оддий ишчилардан тортиб мухандис-техник ходимлар жалб этилаётганликларини айтишди.

"Тошкент механика заводи"да иккинчи тоифали чилангар бўлиб ишловчи ходим 11 сентябрь куни жумладан бундай деди:

- Муҳандислардан тортиб оддий ишчиларни, аёл ходимларимизни ҳам Тузел Тошкент шарқий аэропорти ва ер усти метроси қурилишида 27 августдан ўта оғир шароитларда мажбурлаб, қулдек ишлатишмоқда. Қирқдан зиёд ишчи, улар орасида мени ҳам ишдан бўшатиш билан қўрқитиб, ҳеч қандай техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган тарзда баланд метро қурилиши устига мажбурлаб чиқариб тош ёйдирмоқда, - деди завод ишчиси.

Завод ходими метро қурилишига қирқдан зиёд ишчи жўнатилганини айтди.

Тошкент вилоят, Қибрай туманидаги “Тошкент-Шарқий” аэродроми базасида янги халқаро аэропорт ҳамда пойтахтнинг саккизта туманидан ўтувчи 52 километрли янги ер усти метроси қурилиши ўтган йили бошланган эди.

Ҳар икки қурилиш лойиҳасини "Ўзбекистон Темир йўллари" акциядорлик жамияти амалга оширмоқда.

Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси фаолияти 2015 йилда тугатилганидан сўнг корхона "Тошкент механика заводи"га айлантирилган ва "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ тасарруфига ўтказилган эди.

"Тошкент механика заводи" раҳбари ёрдамчиларидан бири завод ишчилари "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ амалга ошираётган қурилиш ишларига "кўнгилли равишда" жўнатилаётганини айтди:

- "Ўзбекистон темир йўллари" таркибидаги барча корхоналарга, жумладан, бизнинг заводга ҳам ишчиларни шу ишларга юбориш ҳақида кўрсатма келиб туради. Биз шу кўрсатмани бажарамиз. Лекин, ишчиларимизни ҳеч ким мажбурламайди, фақат кўнгиллиларни жўнатамиз, - деди "Тошкент механика заводи" раҳбарининг ёрдамчиси.

Завод ишчиларига кўра, улар қурилишда ишлаганликлари учун қўшимча ҳақ олмаганлар.

Бундан олдин завод ишчилари Ховос темир йўл станцияси, Ангрен кўмир конида ҳам мажбурлаб ишлатилганликларини айтишди.

Биз бир вақтлар самолёт ишлаб чиқарганмиз, ҳозир қурилишда қора ишчига айландик.

- Биз бир вақтлар самолёт ишлаб чиқарганмиз, ҳозир қурилишда қора ишчига айландик. "Ўзбекистон темир йўллари" таркибига ўтганимиздан буён шу аҳвол. Шанба ва якшанба кунлари ишлаганимизга тўлиқ ҳақ тўланмайди, - деди "Тошкент механика заводи" ишчиси.

Ўзбекистонда давлат ишчиларининг ўз вазифалари қолиб қишлоқ хўжалик ва ободонлаштириш ишларига жалб қилиниши одатий хол.

Гарчи Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 10 майида “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорни қабул қилган эса-да, бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани борасида тез-тез шикоятлар бўлмоқда.

XS
SM
MD
LG