Ссылки доступа

ҚР ҳукумати Аравон туманидаги ер Ўзбекистон билан айирбошлангани фактини тасдиқлади


Ўш вилоятининг Аравон туманидаги Тоо-Моюн айил(овул) округининг Каркидон сув омбори яқинидаги 407 гектар ер Ўзбекистонга Гулбаар қишлоғи яқинидаги участка ҳисобига берилди. Бу ҳақда «Азаттық» радиосига хукуматнинг Ўш вилоятидаги ваколатхонаси маълум қилди.

Ҳукумат вакилининг биринчи ўринбосари, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш комиссиясининг аъзоси Байиш Юсуповга таянган ҳолда администрация матбуот котиби Нурқиз Қадирбек қизининг хабар беришича, алмаштирилган участкаларнинг майдони бир хил.

Гулбаар қишлоғи Ўш шаҳридан Аравон туманига кираверишда жойлашган. Йўлнинг ўнг томони Ўзбекистон билан чегарада. Ҳукуматнинг маълум қилишича, қўшни мамлакатга берилган ер мана шу участкада жойлашган ва ерларнинг ўзаро айирбошланиши чегараларни силжитиш имконини беради.

Нурқиз Қадирбек қизининг айтишича, бу айирбошлаш анчадан бери қирғиз томонидан илгари суриб келинаётган эди ва сўнги музокораларда чегараларни делимитация қилиш масаласида келишувга эришилди.

10 сентябрь куни Ўш вилоятининг Аравон туманида Керкидан сув омбори атрофидлаги участкага ўзбек харбийлари томонидан тўсиқ ўрнатилиши маҳаллий аҳоли томонидан норозиликларни келтириб чиқарди. Ўзбекистон ҳарбийлари Керкидан сув омборига тўсиқ ўрнатгани ҳақида хабарлар ва видеоёзувлар пайдо бўлди. Видеоёзувларда маҳаллий аҳоли вакиллари ва ҳарбийлар ўртасида бўлиб ўтган даҳанаки жанг, чегаранинг Ўзбекистон томонида ҳарбий техника тургани тасвирланган.

Маҳаллий расмийлар Ўзбекистон билан ерлар алмашилганини маълум қилар экан, делимитация якунланганини, аммо демаркация ҳозирча ўтказилмаганини таъкидлади. Таъкидланишича, барча процедуралар тугамагунга қадар тўсиқ ўрнатиш мақсадга мувофиқ эмас ва хукумат ишлар тўҳтатилганига ишонтирди.

2015 йилда маҳаллий аҳоли Қирғизистон Ўзбекистонга Каркидон сув омбори яқинидан 400га яқин гектар ерни берганига қарши норозилик акцияси ўтказилди. Ўшанда Қирғизистон бу ерларни Ўзбекистонга сотгани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG