Ссылки доступа

Тожикистонлик Эквадорда дунёнинг 30та мамлакати учун атиргул етиштиради


Жаҳоннинг 30 та мамлакатидаги севишганлар ўз ёрларига тожикистонлик тадбиркор узоқ Эквадорда етиштирган атиргулларни совға қиладилар.

Тўғри ва кўчма маънода Тожикистонни Эквадор билан кўп нарса боғлаб турар экан. Тожикистоннинг узоқ Америка қитъасидаги мазкур мамлакат билан масофаси 15 минг километрни ташкил қилади, Эквадорни глобусдан топиш учун “ер шари”ни 180 градусга айлантириш керак бўлади.

34 ёшли тожикистонлик Сайид Носех Толибов икки йил муқаддам Эквадорга келди, аслида бу мамлакатда илк бор 2014 йилда бўлган эди. Дунёнинг бир чеккасидаги мамлакатга илк бор йўлни бу ерда гул плантациясини ташкил қилган унинг акаси очган эди. Бироқ 2014 йилда бахтсиз ҳодиса туфайли акаси вафот этди ва Сайид акасининг жасадини олиб келиш учун Эквадорга йўл олди. У акаси яратган боғ-роғларни ўз кўзи билан кўрди ва унинг ишини давом эттиришга қарор қилди.

«Эквадорнинг менга ёқишига сабаб иқлими илиқ. Тўрт мавсумда бу ерда баҳор. Иккинчидан, мен бу ерда ўзимни эркин ва хавфсиз ҳис қиламан, тун қоронғусида ҳам кўчага чиқсангиз ҳеч кимнингсиз билан иши йўқ. Бу ерда айрим давлатларда, жумладан Тожикистонда одамлар ҳис қиладиган қўрқув йўқ. Агар сиз бирор бир ёмон иш қилмаган бўлсангиз, қўрқишнинг ҳожати йўқ», -дейди суҳбатдош.

Сайид Носех ҳозир Эквадор пойтахтидан 50 километр узоқликдаги Каямбе шаҳрида яшайди. Унинг ҳаётидаги янги саҳифа испан тилини ўрганишдан бошланди, ҳозир тожикистонлик испан тилида бемалол гаплаша олади. Бир неча йил давомида у атиргул плантация майдонини 10 гектардлан 40 гектаргача кенгайтиришга муваффақ бўлди.

Суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, Эквадорнинг иқлими гулчилик учун қулай. Иссиқхоналарда етиштирилган майин ва гўзал атиргуллар жаҳонинг30 дан ортиқ мамлакатига, жумладан Қозоғистон ва Россияга юборилади. Эквадор иқлими бизнес учун ҳам қулай, дея тан олади тожикистонлик.

«Эквадор ҳукумати янги компанияларни биринчи 5-6 йилда қўллаб-қувватлайди. Бу ерда бўлар-бўлмас солиқлар ва мақсадсиз текширувлар йўқ, маҳаллий ва хорижий ишбилармонлар учун бир хил шароит яратилган. Фақат қонунларга асосан ишлаш керак халос, ўз вақтида солиқ декларациясини топширсангиз бўлди, ҳеч ким сизни олдингизга текшириш учун келмайди. Ҳаммаси онлайн орқали амалга оширилади, ҳатто солиқларни Интернет орқали тўлаймиз. Ҳар икки йилда текшириш учун келишлари мумкин, шунда ҳам бу ҳақда аввалдан огоҳлантириш беришади», - дейди Сайид Носех.

Бугунги кунда Сайиднинг плантацияларида 300 га яқин эквадорлик меҳнат қилади. Бу мамлакатда энг кам ойлик маош 400 доллар атрофида, ҳар йили маошлар 10 долларга ошади. “Irouse” компаниясида саккиз нафар тожикистонлик ҳам ишлайди. "Умуман тожиклар Эквадорда кўп эмас. Бу ерда атиги учта тожик оиласи истиқомат қилади”, - дейди Сайид Носех.

“Эквадорда мусулмонлар диаспораси кўпчиликни ташкил қилишига қарамай мамлакат аҳолиси ўзларини католиклар дея ҳисоблайди. Эквадорликлар бизларни мусулмонларнинг байрами билан табриклашади. Менинг болаларим маҳаллий мактабда ўқишади, бу ерда ўзгалар маданияти ва либосларига ҳурмат билан қарашади, чекловлар йўқ ", -дейди суҳбатдош.

Ҳозир Сайид Носех плантация ҳудудларини кенгайтириш ва ўзи етиштирган атиргуллар Тожикистонда ҳам пайдо бўлишини ният қилмоқда. Унинг айтишича, Эквадор атиргулларини етиштириш учун Тожикистон иқлими тўғри келмайди. «Эквадор ва Тожикистон орасидаги масофа ҳазилкам эмас, бу гуллар нархига ҳам таъсир кўрсатади. Тожикистонга атиргуллар асосан Ўзбекистондан олиб келинади. Нима бўлганда ҳам мен Душанбеда атиги битта дўконда менинг гулларим сотилиши учун ҳамкор излаяпман», - дейди у.

Ўртача битта атиргулнинг плантациялан чиқиш нархи35-36 центни ташкил қилади. Ҳозирча атиргуллар турли мамлакатларнинг гул дўконларига боргунча нархлар ҳам ошиб бораверади.

Узоқ Эквадорда муваффақиятди бизнес юритаётган тожикистонлик тадбиркор ватанини соғинишини тан олади. «У ерда менинг ватаним бор, ҳар икки йилда Тожикисотнга бориб туришга ҳаракат қиламан», - дейди Сайид Носех Толибов.

XS
SM
MD
LG