Ссылки доступа

Туркманистонда мустақиллик байрами арафасида уйсизлар ушланмоқда


Туркманистонинг Мари вилоятида Мустақиллик байрами арафасида полиция ходимлари шаҳарлар кўчаларда махсус рейд ўтказиб уйсиз фуқароларни қидирмоқда. Радио Азатлық мухбирининг айтишича, бу рейдлар бир неча кундан бери ўтказилмоқда.

«Мари шаҳрида полиция ходимлари эски юк машиналарида ҳовлима-ҳовли юриб уйларнинг подъезд ва ертўлаларини текширмоқда. Улар аҳолидан уйсиз одамларни кўрган ёки кўрмаганликларини сўрашмоқда. Агар одамлар уйсизлар ҳақида билишларини айтишса, ҳолда уйсизларнинг қаердалигини кўрсатиб беришларини сўрашади. Уйсиз шахслар пайқалгудек бўлса, улар машинага солиб олиб кетилади», дея хабар беради ўз хавфсизлиги нуқтаи назаридан исмини ошкор қилишни истамаган Азатлиқ мухбири 25 сентябрь куни.

Унинг айтишича, полиция ходимлари яшаш жойи аниқ бўлмаган шахсларни ушлашлари борасида изоҳ беришар экан, «мамлакат мустақилигининг 28-йиллиги муносабати билан шаҳар кўчаларини тозалаш чоралари кўрилаётганини » айтишади.

«Полиция уйсиз одамларни Байрамали шаҳридаги маст ҳолда бўлган кишилар сақланадиган махсус қабулхонага олиб боради. Айтишларича, улар Мустақиллик байрами тугаганидан сўнг қўйиб юборилар экан», дея қўшимча қилади мухбир. Унинг таъкидлашича, сўнги йилларда Мари шаҳри кўчаларда уйсиз одамлар кўпайиб бормоқда, улар асосан кўп қаватли уйларнинг ертўлаларида яшайдилар.

Мухбиримиз Мари кўчаларида бир неча уйсиз одамлар билан суҳбатлашди. Уларнинг тан олишларича турли байрам ёки давлат тадбирлари арафасида полиция авваллари ҳам тутиб махсус жойларга олиб борган.

«Мурғап этрапидаги «Хирслан Жума» деҳқон хўжалигидаги қариялар ва ногиронлар уйи уйсиз одамларни қабул қилмаяпти. Аввалари бизни шу ерга олиб боришар эди. Аммо мазкур муассаса маъмурияти жой йўқлигини айтиб бизларни қабул қилмаяпти. Шундан кейин бизларни Дашоғуздаги қариялар уйига юборишмоқчи бўлишди. Биз Дашоғузга боришни ҳоҳламадик, шундан кейин биз билан нима қилишни билмаган полиция ходимлари бизларни Мари шаҳрида қолдирди. Агар жой бўлганидами биз ўша ерга жойлашар эдик. Бизга кўп нарса керак эмас, қорнимиз тўйса бўлгани», деди Маридаги уйсизлардан бири мухбиримизга.

XS
SM
MD
LG