Ссылки доступа

Тожикистон бош вазири БМТда терроризмга қарши кураш ва музликлар эриши масаласини кўтарди


Кохир Расулзода
Кохир Расулзода

Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан туриб БМТга аъзо мамлакатларни экстремистик ғояларни тарқатишда Интернетдан фойдаланишга қарши курашиш ва ёшларни террор гуруҳлари сафларига кириб қолишга қарши биргаликда саъй-ҳаракат қилишга чақирди.

У 27 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси мажлисида чиқиш қилар экан шундай деди: «Халқаро терроризмнинг мавжуд базалари асосларини йўқ қилиш учун барча чораларни қўллаш керак, уларни молиявий, сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни тўхтатиш лозим. Биз террор гуруҳларига янги аъзоларни жалб қилиш ва экстремизм ғояларни тарғиб қилиш учун Интернетдан фойдаланишнинг барча имкониятларини чеклашимиз ва тўхтатишимиз керак».

2014 йилдан бери 1900 дан кўп Тожикистон фуқароси Сурия ва Ироққа йўл олган. Уларнинг кўпчилиги экстремистик ва террор гуруҳлари, жумладан “Ислом Давлати” сафларига кирган. Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг таъкидлашларича, бу инсонларнинг кўпчилиги Интернет, айниқса ижтимоий тармоқлар орқали ёлланган.

Тожикистон Бош вазири, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси терроризмни молиялашнинг асосий манбаи бўлиб қолмоқда, дея баёнот берди, ҳамда БМТга аъзро мамлакатларга мурожаат қилиб сафига Тожикистон, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари кирувчи “шимолий йўналиш” мамлакатлари ҳуқуқ тартибот идоралари вакиллари кирган махсус гуруҳ ташкил қилиш борасидаги Тожикистоннинг таклифини қўллаб қувватилашларини сўради.

Тожикистон бош вазири ўз чиқишида иқлим ўзгаришларига ҳам тўхталиб ўтди. «Сўнгги 60 йилда мамлакатда ўртача ҳарорат бир градусга кўтарилди, - деди у, — бу ўз навбатида табиий офатларни кўпайтирди». Унинг сўзларига қараганда, агар зарур чоралар кўрилмайдиган бўлса, у ҳолда Тожикистонда қолган музликлар ҳам йўқ бўлиб кетиши мумкин экан. Маълумки, музликлар Марказий Осиёдаги бешта “иссиқ ва қуруқ” мамлакатларнинг асосий сув манбаи ҳисобланади. Марказий Осиёдаги сув ресурсларининг 60 фоизига яқинини Тожикистондаги музликлар таъминлайди. Бироқ иқлим ўзгаришлари ва ҳарорат кўтарилиши туфайли сўнгги 30 йилда мамлакатда 1000дан ортиқ музликлар йўқ бўлиб кетди ва йўқолишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG