Ссылки доступа

Уйига қайтарилиши биланоқ ўлган ҳайдовчи ўтирган ҳибсхона бошлиғи қамоққа олинди


Ўзбекистон туман (Фарғона вилояти) ИИБ тергов ҳибсхонаси бошлиғи ва ҳибсхона нозири маҳбус Абдураззоқ Қодировнинг ўлимига алоқадорликда гумон қилиниб, 25 сентябрь кечқурун ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Ўзбекистон туман ИИБ ходими ҳамда Фарғона вилоят прокуратураси вакили билдирди.

Фарғона вилоят прокуратураси ходимининг билдиришича¸ Ўзбекистон туман ИИБнинг икки ходими Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) ва 104-моддасида (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Аввалроқ Бешариқ туманида (Фарғона вилояти) “Дамас” ҳайдовчиси бўлган 61 яшар Абдураззоқ Қодиров тергов ҳибсхонасида калтаклангани ортидан уйида 19 сентябрь куни ўлгани ҳақидаги мақолани 23 сентябрь куни эълон қилинган эди.

Яқинларининг иддао қилишича, у ўлимидан бир соат олдин Фарғона вилоят, Ўзбекистон туман ИИБ тергов ҳибсхонасидан олиб келинган.

Маъмурий ишлар бўйича Бешариқ туман суди котибининг айтишича¸ ​Абдураззоқ Қодиров майда безориликда айбланиб 10 суткага маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган.​

Терговга яқин манбаларнинг билдиришича, безориликда айбланиб маъмурий қамоққа ташланган Қодиров “қорамол ўғирлиги бўйича жиноятни ўз зиммангга оласан, дея калтаклангани ортидан ўлган".

Суд-тиббиёт экспертизаси хулосасига кўра, марҳум тириклигида бўйни синган.

- Икки нафар Ўзбекистон туман ИИБ ходими 18 сентябрь, тунги соат 22 да акамизни олиб келиб ташлаб кетишди. Аҳволи оғир эди. Милисалар кетганидан сал ўтиб жони узилди¸ - деган эди исми айтилишидан қўрққан Қодиров яқинларидан бири.

Маъмурий ишлар бўйича Бешариқ туман суди котибининг айтишича¸ “Қодиров Абдураззоқ Нозимович 2019 йилнинг 11 сентябрь куни Бешариқ туман ҳокимияти биносида бўлиб ўтган сайëр суд қарорига биноан МЖТКнинг (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс) 183-моддасига (Майда безорилик) асосан 10 сутка маъмурий қамоқ жазосига” ҳукм қилинган.

Суд котибига кўра¸ ўша куни у Ўзбекистон туман ИИБ тергов ҳибсхонасига олиб кетилган.

Ўзбекистон туман ИИБ тергов ҳибсхонасининг хозир қамоққа олинган бошлиғи 23 сентябрь Қодиров “Ҳибсхона журналига 10 суткага қамалди” деб ëзилгани ҳақида билдирган эди.

Мулозим иддаосига кўра¸ Қодировнинг саломатлиги ëмонлашгани учун муддатидан икки кун олдин уйига элтиб қўйилган.

Ўз исми айтилмаслигини истаган Ўзбекистон тумани прокуратура ходими 23 сентябрь куни Абдураззоқ Қодиров “Икки нафар оперлар тарафидан" калтаклангани ҳақда айтган эди.

- Қодиров ҳибсдалиги пайтида бир неча марта ҳушидан кетган. Уни калтаклаган оперлар "Тез ëрдам" чақиришган.

Ўзбекистон туман тиббиëт бирлашмаси ходимининг 23 сентябрь куни айтишича, ИИБ хибсхонасида жазо ўтаëтган Қодиров учун 12 сентябрдан 18 сентябрь оралиғида уч марта "Тез ëрдам" чақирилгани дафтарга қайд қилинган.

Қодировнинг қариндоши марҳумнинг бадани моматалоқ бўлиб кетганини иддао қилган эди.

Бешариқ туман ИИБ профилактика инспектори Ўктам Сапохоновга кўра¸ марҳум яқинларининг аризасига биноан туман прокуратураси жасадни эксгумация қилиб суд-тиббий экспертизаси ўтказган.

Ҳужжатда таъкидланишича, марҳумнинг боши 4- ва 5- рақамли бўйин умуртқаларидан травматик ажралган (бўйин узилган - таҳр.) Орқа мия лат ейиши¸ тўш суягининг 2- ва 3- рақамли қовурғалар бириккан жойида ëпиқ синиш ва гематомалар мавжуд.

- Тўмтоқ жисм билан урилганда содир бўладиган қонталашлар жасадда мавжудлиги ëзилган, - деган эди Ўктам Сапохонов​

XS
SM
MD
LG