Ссылки доступа

Қозоғистонда “терроризм тарғиботи” да қамалганлар ишлари қайта кўриб чиқилишини талаб қилиб очлик эълон қилишди


Ўтган ойда Алматида “терроризм тарғиботи” ва “нифоқ қўзғаш” айбловлари билан қамоққа ҳукм қилинган саккиз киши 30 сентябрдан бошлаб муддатсиз очлик эълон қила бошлади. Улар суднинг ноқонуний хукмига қарши чиқишмоқда, дея баёнот берди маҳкумларнинг қариндошлари бугун шаҳар суди биносида.

Уларнинг хабар қилишларича, муассасада бўлиб турган саккиз маҳкум Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, собиқ президент Нурсултон Назарбоев ва давлат идораларига иш қайта кўриб чиқилишини сўраб мурожаатнома йўллашган.

Маҳкумларнинг қариндошлари берган баёнотга қараганда, расмийлар томонидан бирор бир чора кўрилмайдиган бўлса, у ҳолда 10 кундан кейин очликка жазони ижро этиш муассасасида бўлганларнинг қариндошлари ҳам қўшиладилар. Шаҳар судига келган Анжелика Беляева, Сауле Нургалиева, Фарихат Абдрахманова ва Жумагул Ажибаева баёнот бериб, ўз қариндошлари бўлмиш Азамат Умбеталиев, Болатбек Нургалиев, Назим Абдрахманов ва Есим Сулейменовлар ноқонуний хукм қилинганини даъво қилишди.

Алмати шаҳар жиноий-ижро тизими департаменти ходимларининг Азаттық мухбирига айтишларича, департамент ходимларига хукм қилинган саккиз нафар маҳбуснинг очлик эълон қилиши билан боғлиқ акциялари борасида бирор бир маълумот йўқ.

“Терроризм тарғиботи” ва “нифоқ қўзғаш” билан боғлиқ жиноий ишнинг тўққиз нафар иштирокчисидан саккиз нафари 5 август куни Алматида узоқ муддатга қамоққа ҳукм қилинган эди. 40-ёшли Болатбек Нургалиев саккиз йилга, 39-ёшли Ернар Саматов ва 36-ёшли Бекет Минбасовлар етти ярим йил муддатга “терроризм тарғиботи” ва “нифоқ қўзғаш” айби билан қамоққа хукм қилинган эди. Нифоқ қўзғашда айбланган 27-ёшли Азамат Умбеталиев, 34-ёшли Жасулан Искаков, 32-ёшли Самат Адилов, 31-ёшли Назим Абдрахманов ва 36-ёшли Есим Сулейменов беш ярим йилдан қамоқ жазосини олди.

Иш материалларига кўра, Болатбек Нургалиев WhatsApp мессенжеридан «терроризм ва салафийлар ғояси тарғиботи» ва “мазкур оқимнинг издошларини кўпайтириш мақсадида” гуруҳ ташкил қилган ҳамда саккиз нафаро маслакдошларни рўйхатга олган. Қозоғистоннинг турли минтақаларидан бўлмиш бу одамлар ҳукмга кўра, «ягона мақсад йўлида, ўз харакатлари қонунга зид эканлигини била туриб … диний мавзуларни фаол муҳокама қилишган... онгли равишда радикал фикрларни билдиришган, терроризм ва диний нифоқни қўзғашган».

Эшитувларда томонлар ва айбланувчилар сўнгги сўзларида ўзларнинг айбсиз эканликларни айтишди ва суддан оқланишлпрни сўрашди. Айни дамда улар апелляция аризаларни кутишмоқда.

Мазкур ишнинг тўққизинчи иштирокчиси, жиноий кодекснинг икки моддаси бўйича айбланаётган (“террорчиликни тарғиб қилиш” ва “нифоқ уйғотиш”) 40-ёшли Жулдизбек Таурбеков суд олдида алоҳида жавоб бериши кутилмоқда. Касаллиги туфайли (Таурбековда — юрак хуружи) унинг иши алоҳида кўриб чиқиладиган бўлди. Таурбековнинг ишини кўриб чиқиш санаси ҳозирча аниқ эмас. Қозоғистоннинг “Тирек альянси” ҳуқуқ ташкилоти бу иш бўйича кесилган 8 кишини “диний эътиқоди учун таъқиб қилинганлар рўйҳати” га қўшди.

XS
SM
MD
LG