Ссылки доступа

Тожикистон Афғонистонга 48 нафар маҳбусни топширди


Маҳбусларни айирбошлаш тўғрисидаги Келишувга кўра, Тожикистон расмийлари 30 сентябрь куни маҳаллий қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Афғонистоннинг 48 нафар фуқаросини қўшни мамлакатга топширди.

Расмийларнинг сўзларига қараганда, Афғонистонга топширилган фуқароларнинг кўпчилигини гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланган маҳбуслар ташкил қилади. Эришилган келишгувга кўра, улар жазонинг қолган қисмини Афғонистон қамоқхоналарида ўтайдилар.

Маҳбусларни топшириш жараёни душанба куни чегара яқинидаги Қуйи Панж ҳудудида бўлиб ўтди. Афғон томони баёнот бериб мазкур айирбошлаш доирасида Тожикистонга Афғонистонда “радикал-террор фаолияти” билан шуғулланган “Тожикистоннинг бир нечта фуқароси” топширилганини маълум қилди. Маҳкумларнинг мазкур гуруҳи аввалроқ Қабулдан Душанбега топширилган эди. Тожикистонга топширилган фуқароларнинг аниқ сони ҳақида хабар берилмади.

Бу шу йилда Тожикистон ва Афғонистон ўртасида иккинчи бор маҳбусларни айирбошлашдир. Июль ойида тожик расмийлари қўшни Афғонистонга 80 нафар маҳбусни топширган эди. Бу гуруҳ Қуйи Панж чегара пункти орқали жўнатилди.

Тожикистондаги Афғонистон элчихонасининг дипломати Саидмасъуд Бадахшнинг 30 сентябрь куни Радио Озодига маълум қилишича, Кобулга топширилган маҳбуслар жазони давом эттириш мақсадида Афғонистондаги қамоқхоналарга тақсимланади. Унинг сўзларига қараганда, аввалроқ ўз фуқароларини этап қилиш мақсадида Афғонистон ҳукуматининг расмийлари Душанбега етиб келди.Унинг айтишича, тожик қамоқхоналарида яна Афғонистоннинг 70 нафар фуқароси бор, улар ҳам Тожикистон қонунчилигини бузишгани учун ҳукм қилинган. Маҳбусларни айирбошлаш 2010 йилда эришилган Келишув асосида амалга оширилмоқда.

Тожикистон Адлия вазирлиги қошидаги жазони ижро этиш Бош бошқармаси бошлиғи Мансуржон Умаровнинг айтишича, Тожикистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган “хорижлик маҳкумларнинг катта қисмини Афғонистон фуқаролари ташкил қилади. Улар асосан гиёҳванд моддалар ноқонуний савдоси учун қамалган, аммо қотиллик қилгани учун ҳукм қилинган икки киши ҳам бор".

Унинг айтишича, Афғонистон фуқаролари эвазига Тожикистон радикал террор фаолияти учун ҳукм қилинган ўз фуқароларини экстрадиция қилади.

XS
SM
MD
LG