Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, Шуҳрат Ғаниев ўз айбини тан олган, кечирим сўраган ва тегишли хулосани чиқаришни ваъда қилган.
30 сентябрь кунги Сенат йиғилишида Танзила Норбоева Шуҳрат Ғаниевни қаттиқ танқид қилган. Сўнгра Сенат раиси ҳокимга қатъий огоҳлантириш ва уч ойлик синов муддати беришни таклиф қилган, комиссия аъзолари таклифни маъқуллаган.
Вилоят ҳокими эса ўзига қўйилган айбловларни тан олган.
"Албатта, менинг ота-онам, менинг авлодларим ҳам миллий либосда кийинади. Мен ўзим ҳам уйимда миллий либос кияман. Албатта, ўша куни қуюшқондан чиқиб кетиш ёки ўзини босиб ололмаслик - бу фақатгина ўзимнинг айбим. Мен айбдорман, имконият берсангиз, фақатгина меҳнат қиламан.
Аввало, давлатимиз раҳбари - менга юксак ишонч билдирган муҳтарам президентимиздан ўтиниб-ўтиниб кечирим сўрайман. Ҳурматли сенаторлар сиздан ҳам кечирим сўрайман. Агар имконият берсангиз, тўғри хулоса чиқариб, чин дилдан меҳнат қиламан. Албатта, ҳар қандай жазога лойиқман. Минг бор узр", дейди вилоят ҳокими тармоқларда тарқалган видеода.
29 сентябрь куни Озодликка аудиоёзуви келиб тушган мажлисда вилоят ҳокими Фарғонада "беўхшов соқол" қўйган ва рўмол ўраганга қатъий чора кўришни буюрган.
Ҳокимнинг бу мажлисдаги гаплари ижтимоий тармоқларни ларзага солганидан бир кун ўтиб, Сенат раиси Танзила Норбоева Facebook ижтимоий тармоғида Шуҳрат Ғаниев муҳокамаси учун махсус йиғилиш бўлишини маълум қилди:
"Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган нутқи 2 кундан буён жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилиб келинмокда. Муҳокамалар жараёнида Ш. Ғаниевнинг хатти-ҳаракатлари кенг омма орасида салбий эътирозларга сабаб бўлмокда. Шу муносабат билан ушбу ҳолат юзасидан бугун Олий Мажлис Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси йиғилиши ўтказилишини маълум қиламан".
Сенат раисининг бу баёноти Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга тегишли экани айтилган мажлис аудиоёзуви ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамалар уйғотганидан бир кун ўтиб пайдо бўлди.
Таҳририятга келиб тушган аудиоёзувда мажлисни олиб бораётган мулозим Фарғона вилоятидаги қатор туманлардан йиғилган масъуллардан ҳисоб сўрайди. Мажлис мазмунидан асосий эътибор диний тарғибот ишлари ва умумий ўрта таълимга қаратилганини тушуниш мумкин.
Аудиоёзувнинг илк сониялариданоқ мулозим жамоат жойларида "беўхшов соқол қўйиб юрган"лар масаласига тўхталади.
Шунингдек, мажлис давомида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев қўл остидагиларни "аҳмоқ" деб сўкиб, буйруқ ва топшириқлар бераётганини эшитиш мумкин.
Шу тариқа, мулозим Фарғона вилоятидаги қатор шаҳар ва туманлар раҳбарлари ҳисоботини бир-бир ўқийди ва орада уларга янги топшириқлар беради.
Бу вилоят раҳбари даражасидаги мулозимнинг соқолли ва рўмоллиларга кескин чора кўришни талаб қилганини билвосита тасдиқловчи илк ҳолатдир.
Вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса мажлисларда қўпол чиқишлари билан аввалдан танилган.